Турк журналисти Туркияда Ўзбекистонга аталган ахборот сайтини йўлга қўйди

 
Сўнгги пайтларда жадал ривожланиш йўлини тутган Ўзбекистон-Туркия муносабатларида қолган соҳаларда бўлгани каби матбуот ва ахборот соҳасида ҳам жуда кенг ҳамкорликлар даври бошланди. Охирги пайтларда Турк матбуотида Ўзбекистон ҳамда ўзбек жамияти билан алоқадор хабар ва лавҳаларнинг кўпайгани, Туркияда Ўзбекистонга бўлган қизиқишнинг янада ортганининг далилидир.
Ўзбекистон ва Туркия ўртасида бундай яқинлашувнинг ҳар икки томон учун ҳам манфаатли эканини, қардош ўлкаларимиз ўртасида дўстликнинг кучайишда матбуотнинг ўрни ва роли катта эканини яхши англаган туркиялик ҳамкасбимиз, “Йени Шафақ” газетаси журналисти, Евроосиё журналистлари уюшмаси раиси, турк матбуотида ўзининг ёрқин ва жасоратли чиқишлари билан танилган Мурат Палавар томонидан турк тилида Ўзбекистоннинг кунлик хабарлари бериб боришга мўлжалланган ozbekistanhaber.com ахборот сайти йўлга қўйилди.
28 августда, Ўзбекистон мустақиллиги арафасида иш бошлаган бу электрон ахборот нашрида Ўзбекистон сиёсати, иқтисоди, ҳаёт тарзи, маданияти ва санъати, туризми каби рукнлар остида турк ўқувчиларига Ўзбекистонни танитувчи хабарлар бериб борилади.

Биз Twitterда