Туркияга визасиз 90 кун! Биз ҳам Туркларга 90 кунлик визасиз режим жорий қиламизми?

 
Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған томонидан имзоланган 327-сонли қарорга асосан, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистоннинг фуқаролик паспортига эга шахсларнинг Туркия Республикасида визасиз бўлиш муддати 30 кундан 90 кунгача узайтирилди.
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган «Ўзбекистон Республикасининг сайёҳлик салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармон билан, 2018 йилнинг 10 февралидан Исроил, Индонезия, Корея Республикаси, Малайзия, Сингапур, ва Япония фуқаролари билан бирга Туркия фуқароларига ҳам Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириш санасидан бошлаб 30 кунлик муддатга визасиз режим жорий этилганди.
Бу фармон натижасида ушбу давлатлардан, айниқса Туркиядан Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар оқимида жуда катта ўсиш кузатиб келинмоқда.
Қардош Туркия Республикаси раҳбарияти томонидан имзоланган янги қарорга жавоб ўлароқ, бу давлат фуқаролари учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 90 кунлик муддатга визасиз режим жорий этилса, балки янада мақсадга мувофиқ бўлар? Бундай ижобий қадамлар маълумки, навбатма-навбат ташланади. Туркиянинг кейинги қадами, балки умуман визасиз режим жорий этиш бўлар...?

Биз Twitterда