Тошкентда йўлларни таъмирлаш бошланди

Article
7 март куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика Йўл жамғармаси бошқарув кенгаши томонидан “2017 йилда Тошкент шаҳри туманларининг йўл инфратузилмасини ривожлантиришнинг манзилли дастури” тасдиқланди.
Ушбу дастурга мувофиқ Тошкент шаҳри кўчаларини жорий ва тўла таъмирлаш ишлари 2017 йилда икки босқичда амалга оширилади.  
Кўчалар таъмири ва улардаги инфратузилмани яхшилаш бошланган ва улар ҳозирги кунда ҳам жадал суръатлар билан давом эттирилмоқда. Таъмир ишлари Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси тизимидаги корхоналар, жумладан, “Автомагистраль”, “Тошкенткўприк” ҳамда “Трансйўлқурилиш” ташкилотлари томонидан амалга оширилмоқда.
Юнусобод тумани “Юқори Қорақамиш”, “Мойқўрғон” ва “Барака” кўчаларидаги жами 7,1 км узунликдаги жорий таъмирлаш, Сергели тумани “Обиҳаёт”, “Нилуфар”, “Райҳон”, “Дарё бўйи”, “Канора” кўчаларидаги 9,5 км узунликда тўла таъмирлаш ишлари бошланди.
Тошкент шаҳридаги кўчаларнинг инфратузилмасини ривожлантириш ва таъмирлаш мақсадлари учун 1-босқичда - 20,6 миллиард сўм, 2-босқичда эса - 50 миллиард сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 февралдаги “2017-2018 йилларда минтақавий автомобиль йўлларини ривожлантириш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида бутун юртимиздаги ички йўллар ва кўчаларнинг таъмирланиши туманлар кесимида белгилаб берилган эди.

Биз Twitterда