Ўқ тинмайин бош узра учар... тупроқ қонга бўялган, ярадорлар оҳ-воҳлари...

Кузда дарахтларнинг барглари сарғайиб, тўкилишини кузатганмисиз. Улар ҳаётидан рози тупроққа бош қўядилар. Бироқ баҳорда, эндигина куртак ўрнини барглар эгаллаб, атрофга гўзаллик улашаётган бир паллада ногаҳон келган довул боис уларнинг "чирт" этиб узилиши нақадар аянчли.
Умр ҳам худди шундай. Инсоният тарихида миллионлаб кишилар ҳаётига зомин бўлган даҳшатли бўронлар бўлгани ҳам сир эмас. Уруш ва унинг оғир оқибатлари ҳамон юракларда ўз чизиқларини кўрсатиб турибди. Иккинчи жаҳон уруши инсоният бошига мислсиз офатлар ёғдирган тўфон эди.
1923 йил. Каттамўғол қишлоғи, Қўшмат отанинг уйида чақалоқ дунёга келди. Унга Собир деб исм қўйдилар. Икки қиз, икки ўғил оила бағрини тўлдириб улғайишди.
-Болалигим оғир йилларга тўғри келган. Очарчилик, нон нималигини билмаймиз. Курмакни эзиб, майдалаб, кейин уни қайнатиб ичар эдик. Аммо оилада бир-биримизга меҳр-муҳаббатимиз бошқача бўлган. Отам олдидаги овқатни болаларига илинар, онам эса буни такрорларди. Биз ўз навбатида бир-биримизга узатардик. Бу меҳр экан. Бахтли эдик.
 
 
Ажойиб ўйинларимиз бор эди. "Даста чиқилдоқ". Афзаллик томони шундаки, ўртоқларимиз билан жамоа бўлардик. Қўл меҳнати орқали ўйинчоғимиз ясаларди. Ўринбой, Нажим исмли болаликдаги дўстларим бор эди. Мактабга ҳозирги Жанжал қишлоғига қатнаб ўқирдик. Математика, география фанлари ўқитиларди. Восиев деган ўқитувчимиз барча фандан дарс берарди.
Ана шундай бахтли кунлар осмонини ногоҳ булут қоплайди. Эндигина 18 ёшга тўлган Собиржон 1941 йил уруш бошланганини эшитди. Ўзи узоқда бўлса ҳам даҳшати бутун қишлоқни тутган. Эркаклар фронтга отланган палла. Оналар кўзида мунг, болалари эса оталаридан айрилган...
-Тўғриси, уруш қандай оғир бўлишини билмасдик. Қоним қайноқ-да, фронтга чақиришганда у қадар чўчимадим. Дастлаб Чортоқнинг Коросконига бордик. Ўша ерда олти ой артилерия бўйича ўқидик. Сўнгра 1942 йилда Сталинград остонасига жўнатишди. Отларга артилерия юклаб, олиб кетилган.
Уруш оловини кўриб, унинг азоблари қандай бўлишини англадим. Ўқ тинмай бошимиз устидан учиб турар, олти киши бир-биримизга елкадош эдик. Биримиз ўқ етказиб бериб турсак, иккинчимиз уни жойлаганмиз. Душман биздан узоқда бўлган. Отган ўқларимиз 40 километрга етарди. Ўлган аскарлар, қонга бўялган тупроқ, ярадорларнинг оҳ-воҳлари...
 Латвия, Литва чегараларигача душманни қувиб борганмиз. Уруш ўз номи билан уруш-да! Разведкага борардик. Шундай кунларнинг бирида катта кўл бўйидамиз. Қалин қамишзор. Душман ҳудудини кузатиб турганимда, бошимни дайди ўқ ялаб ўтди. Ҳушимни йўқотдим. Кўзимни очганимда шеригим ўзимизникилар ёнига олиб келган экан. Ҳозир ҳам ўша жароҳат азоб беради.
Суҳбат давомида қаҳрамонимнинг уруш хотиралари жуда кўп эканлигини англадим. Минг-минглаб юртдошларимиз фашизмга қарши курашда қаҳрамонлик кўрсатган. Улар ғалабани шу қадар интиқлик билан кутишганки, сабаби келажак авлодларнинг бахтли ҳаёти ғалабага боғлиқ эди.
-1945 йил. Душман тор-мор этилганини ҳақидаги хабарни Будапешт шаҳрида эшитганман. Бу қувончли хабар эди. Шу пайт кўз олдимга саксон ёшдан ўтган отам келди. Ака, опаларим, қишлоғимнинг сўлим табиати, болалик хотираларим жонланди. Оловлар ичида омон қолганим гўё, эртак эди. Фронтга келган кунимдан бошлаб уйга бирорта хат ёзмагандим. Чунки ажал оёғим тагида. Ҳар қадамда таъқиб, хат ёзсаму, бир дайди ўқ сабаб ҳалок бўлсам, яралари янги бўлмасин,-дердим. Кўзимдан ёш оқди. Бир мен эмас, барча қуролдошларимнинг кўзидан оқди, севинч ёшлари! Бу кунни ҳамон унутганим йўқ.
Собиржон Қўшматовнинг кўзлари ёшланди. Ҳа, уруш солган яралар ўрни қадоқ. Сал тегсанг, сирқирайди. Аммо отахоннинг юзлари бирдан ёришди.
-Болам, у кунлар ортда қолди. Бугунги кун учун шукрона айтиш керак. Осмонимиз тинч, бир пайтлар бизнинг болалигимиз очарчилик йилларига тўғри келган. Нон топиб, ея олмасдик. Ҳозир-чи? Нима хоҳласанг, барчаси бор. Ҳукуматимиз одил. Халқ билан яқин, телевизорда ҳукумат раҳбарининг телефонини эълон қиляпти. Бу қайси даврда бўлган? Одамларни эшитишганми? Халқ билан яқин бўлишганми? Бу кунларни қадрига етиш керак. Қадрлаш лозим.
Отахон дуога қўл очдилар. "Илоҳим халқимиз ҳеч қачон уруш балосини кўрмасин. Бола ва набираларимиз ҳамиша тинч яшашсин!"
Дуолар замирида ҳаёт ҳақиқати мужассам. Чиндан ҳам тинч ва осуда ҳаётимизга кўз тегмасин. Уни асраб-авайлашда эса барча бир тану, бир жон бўлиб бирлашсин. Зеро, тинчлик буюк неъматдир.
Ортга қайтар эканман, бир инсон умр дафтарини варақлаб, жасорат, матонат, ирода каби туйғуларни яна бир бор кашф этдим. Учқўрғон туманида иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари тўрт нафар эканлигининг ўзи, йиллар шиддатини кўрсатади. Аммо жасорат ҳамиша авлодларга ўрнак. Ватан йўлида кўрсатилган фидойилик асрлар оша яшайверади.
Шоира ТЎХТАБОЕВА

Биз Twitterда