Судга қачон мурожаат қилиш керак ?

 
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси асосий тамойилларидан бири Конституция ва қонунларнинг устуворлигини таьминлашдир. Мазкур жараёнда қонунийликни таьминлаш барча ҳуқуқий нормаларни бажариш, қонун бузилишининг олдини олиш, қонунни бузган кишиларга нисбатан тегишли жавобгарлик чораларини, яъни интизомий, маьмурий, фуқаролик ва жиноий жазони қўллаш тарзида амалга оширилади.
Қонунийликнинг бузилиши фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларига таьсир кўрсатганда бузилган ҳуқуқни ҳимоя қилиш ва тиклаш давлатнинг ваколатларига тааллуқли хисобланади. Фуқароларнинг ўз ҳуқуқларини тиклаш ва ҳимоя қилиш юзасидан судга мурожаат қилишлари ушбу жараёнда самарали восита бўлади.
 Фуқароларнинг ўз ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш эхтиёжининг ортиб бориши жамиятда ҳуқуқий маданият юксалиб боришининг асосий белгиларидан бири бўлиб, фуқароларнинг қонунларга ҳурмат ва итоаткорлик руҳида тарбияланишида зарурий омил хисобланади. Фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясига эҳтиёж туғилганда турли восита ва кучларни инкор этган холда судга мурожаат қилишлари қонуний йўл ҳисобланади.
 Шу билан бирга ҳар доим ҳам судга мурожаат қилиш ҳуқуқини суистеъмол қилмаслик, асоссиз талаблар билан судга мурожаат қилишдан воз кечиш лозим. Суд амалиётининг таҳлили фуқаролар мурожаатларининг барчаси хам асосли эмаслигини кўрсатди.
 Судга қилинган мурожаатларнинг асослилиги кўп жиҳатдан фуқаронинг ҳуқуқий маданият даражасига боғлиқ.
 Судга асоссиз талаблар билан мурожаат қилиш ушбу талабларнинг рад қилинишига, мурожаатнинг қониқарсиз якун топишига, ортиқча вақт ва куч сарф қилинишига, суд харажатлари кўринишида моддий зарар кўришга олиб келади.
 Фуқаролик-процессуал қонунчилигида ишни судда кўриш билан боғлиқ харажатлар назарда тутилган бўлиб, ушбу харажатлар тарафларнинг зиммасига юкланади. Айрим тоифадаги аризалар бўйича тарафлар суднинг ҳал қилув қарори билан аниқланадиган холатни муқобил тарзда, маьмурий тартибда белгилашлари мумкин бўлса-да, ўзаро келишувга эриша олмаганликлари ёки муросага бориш истагининг йўқлиги сабабли судга мурожаат қилишни лозим топишади. Лекин фуқароларнинг ушбу қарори хар доим ҳам тўғри бўлмайди.
 Яьни мол-мулкни бўлиб, улушларини белгилашнинг маьмурий тартиби ҳам мавжуд бўлиб, эр-хотинниг умумий мол-мулкидаги улушга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома уларнинг ёзма аризасига асосан нотариал тартибда берилиши мумкин. Бундай гувоҳномани берганлик учун давлат божи миқдори энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизини ташкил етади. Эр-хотиннинг мол-мулкдаги улушларини белгилаш ҳақидаги қарори қатъий бўлгани ҳолда, ушбу жараённи расмийлаштиришда тарафларнинг муросага келишлари мазкур муносабатнинг судсиз, муқобил тарзда нотариал идора орқали ҳам қисқа муддатда, ҳам кам маблағ сарфлаган ҳолда ҳал қилинишига имкон беради.
 Фуқаролик-процессуал қонунчилигида мувофиқ, ишни кўриш натижасига кўра ҳал қилув қарори қайси тарафнинг фойдасига чиқарилган бўлса, суд шу тарафга иккинчи тарафдан, гарчи бу тараф давлат даромадига тушадиган суд харажатларини тўлашдан озод этилган бўлса-да, иш бўйича қилинган ҳамма харажатларни ундириб беради.
Хулоса қилиб шуни таькидламоқчиманки, юқоридагиларни инобатга олиб авваламбор фуқаролар низоларни ҳал этишда бир бирлари билан келишган ҳолда ҳал этишлари лозим.
 Агарда бундай келишув бўлмаса судга мурожаат этиш энг охирги чора сифатида қўлланилиши мумкин.
Мелиханова Маърифат Кадирхановна,
Фуқаролик ишлари бўйича Наманган
туманлараро судининг судьяси

Биз Twitterда