Сенат раиси Мирзиёев топшириғини биринчи бўлиб Самарқанд шаҳрида амалга оширди

Article
Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашининг навбатдаги сессиясида Олий Мажлиси Сенати ҳузуридаги Ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича комиссиянинг вилоят ҳудудий комиссияси томонидан шаҳарда олиб борган ўрганишлари натижаси муҳокама этилди. 
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Ниғматилла Йўлдошев Президентимиз томонидан Олий Мажлис юқори палатасига ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини олиб бориш вазифаси қўйилганини таъкидлади. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши томонидан қарор қабул қилиниб, Сенат ҳузурида Ички ишлар органларининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолияти устидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича комиссияси ва ҳудудий комиссиялари ташкил этилди. Жумладан, Самарқанд вилояти ҳудудий комиссияси томонидан ўн кун давомида Самарқанд шаҳар ички ишлар бошқармасининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича фаолияти ўрганилди. 
Ўрганиш давомида аниқланишича, Самарқанд шаҳрида айрим жиноятлар камайган бўлса-да, қотиллик, қасддан оғир тан жароҳати етказиш, талончилик, фирибгарлик, ўғирлик ва автотранспорт воситасини олиб қочиш ҳолатлари ошган. 122 маҳаллада жиноятлар қайд этилган. Муқаддам судланганлар томонидан такроран жиноят содир этилиши ҳам кўпайган. 
Сессияда ички ишлар идоралари, маҳалла ва таълим муассасалари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, вояга етмаганларнинг ноқонуний равишда чет элга чиқиб кетишининг олдини олиш, ёшлар, хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик ва турли ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш лозимлиги таъкидланди. 
Ўрганиш давомида қайд этилган камчиликлар юзасидан мутасадди идоралар раҳбарлари ва масъул ходимларнинг ахборотлари эшитилди. Шаҳарда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларининг олдини олиш, бу борада аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш юзасидан тавсиялар билдирилди. 

Биз Twitterда