Шеъриятга ошно бўлган асло кам бўлмайди

Article
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғидаги Шоирлар хиёбонида бир гуруҳ адиблар билан учрашди, деб хабар беради ЎзА. 
Мустақиллик йилларида ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини шакллантириш, таълим муассасаларини бадиий, маърифий, илмий-оммабоп ва тарбиявий адабиётлар билан таъминлашни янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. 
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим қадам бўлди. 
Учрашувда бу масканни янада обод қилиш, одамларнинг, айниқса, ёшларнинг маънавиятини юксалтириш, уларни китобга ошно қилиш, машҳур адибларимиз ҳаёти ва ижоди билан яқиндан таништириш мақсадида уларни бу даргоҳга мунтазам равишда жалб этиш ҳақида сўз борди. 
Биринчи Президентимиз таъкидлаганидек, Алишер Навоий асарлари ўзбек адабий тили ва миллий адабиётимиз ривожининг асосини белгилаб берибгина қолмай, халқимиз маънавий оламининг шаклланишида ҳам муҳим аҳамият касб этади. Ҳазрат Навоий меросини ўрганиш ҳар бир инсонни илҳомлантириб, ақлини теран, фикрини тиниқлаштиради, тафаккурини юксалтиради. 
Шоирлар хиёбони шундай маскан бўлиши керакки, шоирларимизнинг шеърлари бу ерда мунтазам жаранглаб туриши зарур, деди Президентимиз. 
Мамлакатимиздаги барча маданий муассасаларда шеърхонлик кечалари ўтказиш, ёшларнинг бундай учрашувларда фаол иштирокини таъминлаш мақсадга мувофиқ эканлиги қайд этилди. 
Шеъриятга ошно бўлган инсон асло кам бўлмайди, деди давлатимиз раҳбари. 
Учрашувда шоир ва ёзувчилар ижод аҳлига, китоб мутолаасига қаратилаётган юксак эътибор учун Президентимизга миннатдорлик билдирди. 

Биз Twitterда