Шавкат Мирзиёев Президент девони фаолиятини янада такомиллаштирди

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти девони фаолиятини янада такомиллаштириш, самарадорлигини ошириш ва тузилмасини мақбуллаштириш, шунингдек унинг таркибий тузилмалари вазифалари ва функцияларидаги такрорланишларни бартараф этиш, уларни ажратиш ва аниқлаштириш мақсадида «Ўзбекистон Республикаси Президенти девони фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги фармонни имзолади (pdf).
Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони Ўзбекистон Республикаси Президентининг ахборот-таҳлил ва ташкилий-назорат органи ҳисобланади. Девон Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан шакллантирилади, Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади ва бевосита унга ҳисобдордир.
Девоннинг асосий вазифалари қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг конституциявий ваколатлари амалга оширилишини таъминлаш;
аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентига мурожаат қилишга бўлган конституциявий ҳуқуқлари сўзсиз амалга оширилиши учун шароитлар яратиш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан кадрларга оид давлат сиёсатини, шунингдек давлат мукофотлари ва гералдика соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширилишини таъминлаш;
давлатнинг ички ва ташқи сиёсати асосий йўналишларини шакллантириш, Ўзбекистон Республикасининг суверенитетини муҳофаза қилиш, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
олий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг баҳамжиҳат ишлашини таъминлашда кўмаклашиш;
мамлакатда қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя этилишини таъминлашда кўмаклашиш;
нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилиниши, уларга ўз уставларида белгиланган мақсад ва вазифаларини амалга оширишларига тенг имкониятлар ва шароитлар яратилиши кафолатларини таъминлаш, фуқаролик жамияти институтлари билан уларнинг демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятини қуришдаги ролини ошириш борасида самарали ҳамкорлик қилиш;
давлатнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш ҳолати ҳамда тенденциясини таҳлил қилиш, унинг натижалари бўйича самарали иқтисодий, ижтимоий, молиявий, пул-кредит сиёсатини ўтказиш, илм-фанни, маданиятни, таълимни, соғлиқни сақлашни, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг бошқа тармоқларини ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тузилмаларнинг, шунингдек унинг ваколатларини амалга оширишга кўмаклашувчи маслаҳат ва кенгаш органларининг фаолиятини ташкил этиш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти фаолиятини ҳуқуқий, ташкилий-техник, ахборот-таҳлилий ҳамда протокол жиҳатидан таъминлаш;
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ва топшириқларининг ижросини ташкил этиш ва уларнинг ижроси устидан назоратни амалга ошириш.
Девон таркибига қуйидагилар киради:
  • Ташкилий-кадрлар хизмати;
  • Сиёсий-ҳуқуқий масалалар хизмати;
  • Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати;
  • Ижтимоий-иқтисодий сиёсатни мувофиқлаштириш хизмати;
  • Оммавий ахборот воситалари, маънавият ва маърифат, маданият, санъат ва ижодий ташкилотларни ривожлантириш масалалари хизмати;
  • Жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш хизмати;
  • Фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спортни ривожлантириш масалалари хизмати;
  • Ишлар бошқармаси;
  • Ижро этувчи аппарат.
Девон таркибига, шунингдек асосий вазифа ва функциялари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг алоҳида қарори билан белгиланадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши аппарати ҳам киради.

Биз Twitterда