Шавкат Мирзиёев: Охирги йигирма йилда математикадан билим даражаси пасайиб кетди

1943 йилда ташкил этилган Ўзбекистон Фанлар академиясининг Математика институти ўтган даврда математик тадқиқотларнинг йирик марказларидан бирига айланган. Бу ерда шаклланган алгебра ва функционал анализ, дифференциал тенгламалар, эҳтимоллар назарияси ва математик статистика бўйича илмий мактаблар жаҳон олимлари томонидан эътироф этилган.
 
 
Лекин шу пайтгача институт эски, таъмирталаб бинода иш юритиб келаётган эди.  Математикларга замонавий шароитлар яратиш мақсадида Олмазор туманидаги Талабалар шаҳарчасида янги бино қурилиб, фойдаланишга топширилди. Хоналар энг илғор техника ва ускуналар билан жиҳозланган.
- Бу замонавий институт барча олимлар учун маърифат маркази бўлиши керак. Математика кўп фанларга йўл очади. Уни Талабалар шаҳарчасида барпо этганимиз бежиз эмас. Бу институт таълим ва илм-фан ўртасида узвийликни таъминлаши, мамлакатимиз ривожига замин яратиши керак, - деди бу даргоҳга 12 июнь куни ташриф буюриб, таълим соҳаси мутасаддилари, ректор ва математик олимлар билан мулоқот бўлган президент Шавкат Мирзиёев.
– Математика фанининг тамал тошини Ал-Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний каби улуғ боболаримиз қўйган. Бу бизнинг қонимизда бор. Лекин охирги йигирма йилда математикадан билим даражаси пасайиб кетди. Чунки ўқитувчиларга керакли эътибор, муносиб ойлик беролмадик, пировард мақсад қўя олмадик. Бунинг оқибати ҳозир кўпдан-кўп соҳаларда сезиляпти. Бугун бу фанни ривожлантиришдан мақсадимиз – математика бўйича рақобат муҳитини яратиш, саноат, муҳандислик йўналишлари бўйича етук кадрлар тайёрлаш, – деди Президент.
У 31 май куни олимлар билан учрашувда математик онгни боғчадан бошлаб шакллантириш зарурлигини таъкидлаган эди. Шундан келиб чиқиб, Математика институтида мактабгача таълим, мактаблар ва олий ўқув юртларидаги дарсларни мувофиқлаштирадиган тизим йўлга қўйилмоқда.
Шу борадаги тақдимот билан танишар экан, Президентимиз «математика ўқитувчиларининг билим ва малакаси бўйича ҳар бир туман кесимида таҳлил борми? Моддий ва ташкилий жиҳатдан яна нималар қилишимиз керак?» дея саволлар қўйди.
– Кечаги дарс бериш услуби билан математикани жадал ривожлантириб бўлмайди. Шу боис аввал амалда яхши натижа берган хорижий методика асосида таълим дастурлари яратиб,  ўқитувчиларни қайта тайёрлаш зарур. Методика шундай бўлиши керакки, у болаларда математикага муҳаббат уйғотсин. Бунинг учун ўқувчилар бу фан ҳаётда, ҳар бир соҳада ўзига кераклигини англаши зарур. Ёшлар имтиҳондан ўтиш учун эмас, билимли мутахассис бўлиш учун ўқиши лозим, – деб таъкидлади давлатимиз раҳбари.
Охирги беш-ўн йилда математика йўналиши бўйича университетларни битирган ёшларни топиб, хоҳишига қараб қайта тайёрлаб, мактабларга, фан номзодларини эса олий таълим муассасаларига ишга жалб этиш муҳимлиги таъкидланди. Математика кафедра мудирларини сайлаш тартибини жорий қилиш, кафедра мудирлари кенгаши тузиб, доимий тажриба алмашинувни йўлга қўйиш бўйича кўрсатма берилди.

Биз Twitterда