Садриддин Мўминов Наманган тумани ҳокими этиб тасдиқланди

15 январь куни Тошбулоқда Олтинчи чақириқ халқ депутатлари Наманган тумани Кенгашининг биринчи сессияси бўлиб ўтди. Сессия ишида вилоят ҳокими вакили сифатида вилоят ҳокимининг ўринбосари Жамолиддин Алойдинов, шунингдек, халқ депутатлари Наманган туман Кенгаши депутатлари, туман ҳокимининг ўринбосарлари, мутахассислари, ташкилот ва корхоналар, сиёсий партиялар туман кенгашлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
 
 
Сессия кун тартибидан жой олган Наманган вилояти ҳокими томонидан Наманган тумани ҳокими лавозимига тақдим этилган номзодни тасдиқлаш тўғрисидаги масала бўйича вилоят ҳокимининг ўринбосари Жамолиддин Алойдинов сўз олиб, Вилоят ҳокими томонидан Наманган тумани ҳокими лавозимига 1-Катта Тошбулоқ сайлов округидан сайланган депутат Мўминов  Садриддин Зокировичнинг номзодини Халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясида тасдиқлаш тўғрисида Тақдимнома киритилганлигини маълум қилди ва уни ўқиб эшиттирди.
 
 
Ушбу масала бўйича сиёсий партиялар гуруҳлари номидан депутатларнинг фикр-мулоҳазалари билдирилди. 
Мўминов  Садриддин Зокирович Халқ депутатлари Наманган тумани Кенгаши депутатлари томонидан Наманган тумани ҳокими этиб бир овоздан тасдиқланди.
Олтинчи чақириқ халқ депутатлари Наманган тумани Кенгашининг биринчи сессияси ўз ишини тамомлади.
 
Маълумот ўрнида, Садриддин Зокирович Мўминов 1970 йилда Наманган вилояти Чортоқ туманида туғилган. Маълумоти олий, 1991 йили Тошкент халқ хўжалиги институтини молия-кредит йўналиши бўйича тамомлаган. Ўзбекистон Халқ демократик партияси аъзоси.
Қайд этиш жоиз, Садриддин Мўминов 2019 йил 19 июнь куни Наманган тумани ҳокими лавозимига тайинлангунга қадар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг давлат молиявий назорати бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимида фаолият олиб борган.

Биз Twitterда