Россия Ўзбекистонга нефть етказиш бўйича таклиф тайёрлайди

Россия ва Ўзбекистоннинг энергетика тизими мутасаддилари март охирига қадар Ўзбекистонга Россия нефтини етказиб беришнинг самарали механизмини яратиш бўйича таклифлар тайёрлашади. Бу ҳақда Россия энергетика вазири ўринбосари Кирилл Молодцов РИА Новости ахборот агентлигига маълумот берди.
"Биз "Ўзбекнефтегаз" билан ҳамкорликда Ўзбекистонга нефть етказиб бериш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилишимиз лозим. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш йўлини топамиз", - деди у Тошкентда бўлиб ўтган иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия мажлиси якунланганидан сўнг.
Молодцов собиқ Иттифоқ даврида қувурларнинг технологик имконияти Ўзбекистонга йилига 7-9 миллион тонна нефть етказиб беришга етганини айтди. "Ҳозирда қувурлар тизимининг техник ҳолати ҳақида аниқ фикр айтиш қийин, чунки чегараларимиз умумий эмас. Бу масалани Қозоғистон билан ҳал қилиш лозим ва шу йўналишда иш олиб борилади", — деди вазир ўринбосари.
Унинг айтишича, Ўзбекистонга нефтни темир йўл транспорти орқали етказиб бериш иқтисодий жиҳатдан самарасиз ҳисобланади. “Шу боис имкон қадар қулай йўлни қидириш лозим ва бунинг устида ишлаяпмиз” – деди у.
Республикадаги учта — Бухоро, Фарғона ва Олтиариқ нефтни қайта ишлаш заводларининг умумий қуввати йилига 11-12 миллион тоннани ташкил этади.

Биз Twitterда