ПУЛ ТОПИШ УЧУН ХОРИЖГА БОРИШ ШАРТ ЭМАС

Президентимизнинг амалиётга тадбиқ этаётган ҳаётбахш Фармон ва қарорлари ижросини таъминлашга қаратилаётган тадбирлар кўлами кенгайиб бормоқда. Ҳокимлик, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, солиқ, банк, маҳалла ва қатор ташкилотлар раҳбарлари ҳамкорлигида олиб борилаётган ишлар аҳолини фаолликка ундамоқда, фуқаролар ҳукуматимиз томонидан яратиб берилаётган шарт-шароитларнинг мазмун-моҳиятини англаб етмоқдалар.
Бу жараёнда мутасадди ташкилотлар раҳбарларининг ҳамжиҳатлиги,  бир-бирини қўллаб-қувватлаши, юртпарварлиги, инсонпарварлиги каби  хислатлари ҳам намоён бўлдики, улар халқ вакиллари қалбида иштиёқни уйғотиб юборгани ҳам рост. Таҳририятимизга келаётган хат ва хабарларда ҳам банкдан имтиёзли кредит, тадбиркорлик фаолиятини бошлаган, томорқасидан фойдаланишни ўрганиб, даромад кўраётган, чорва моллари боқиб ёки паррандачиликни йўлга қўйиб хурсанд бўлаётган ҳамюртларимизнинг миннатдорчилик изҳорлари акс этиб турибди.
Шу ўринда тарғибот-ташвиқот ишларида ташаббускорликни қўлдан бермаётган вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг олиб бораётган ишлари эътироф этса арзигулик. Куни кеча Наманган туманининг Хўжақишлоқ ва Ибрат маҳаллаларида ўтказилган семинарда ҳудуддаги хонадонлардан юзлаб фуқаролар, тумандаги солиқ, банк, ижтимоий таъминот, меҳнат бўлимлари вакиллари иштирок этдилар.
Хўжақишлоқлик Насибахон опа Йўлдошева хонадонида томорқадан фойдаланишдаги тажрибаларини ибрат қилиб кўрсатса арзийди. Плёнка остига экилган 2000 туп карам кўчатлари барқ уриб яшнаб турибди. Ҳовлида ёнғоқ, бодом, олча, гилос, анор, беҳи, олма, узум, қўйингки, ҳар бир мева туридан бор.
- Банкдан имтиёзли кредит олиб, 50 бош товуқ боқишни ҳам йўлга қўйдик, - дейди биз билан суҳбатда хонадон келини Нодирахон Қўчқорова. - Товуқларимиз тухумлашни бошлади.
Маҳаллада бундай имтиёзлардан фойдаланиб, рўзғорини ўнглаб олган, ҳам ўзига, ҳам юртдошларига манфаат келтираётган хонадонлар жуда ҳам кўп.
Аҳмаджон ака Мамажоновнинг иссиқхонасида эса помидор кўчатлари гуллашни бошлабди. Нўмонжон Мамадалиев эса булғор қалампири, помидор, бақлажон кўчатлари етиштиришни йўлга қўйибди. Семинарда ана шу хонадон соҳибларининг томорқадан фойдаланишдаги омилкорлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Куннинг иккинчи ярмида маҳалла аҳли билан Хўжақишлоқ МФЙ биносида ўтган очиқ мулоқотда аҳолини қийнаётган муаммолар, уларни қизиқтираётган масалалар хусусида гаплашилди.
«Ёшим эллик саккизга тўлди. 5 йиллик иш стажга эгаман, холос. Пенсия ёшига етиб қолганим учун пенсия бўлимига мурожаат қилдим. Афсуски, менга пенсия тайинланмас экан. Чунки, энг кам иш стажи 7 йил бўлиши керак экан». Ҳудудда уйда ўтирган, ҳеч қандай иш билан банд бўлмаган аёллар кўпчиликни ташкил этар экан. Бу каби мурожаатларга жавобан Бандликка кўмаклашиш туман бўлими, солиқ ва банк мутахассислари тўлақонли жавоб беришди. Агар уйда бирор бир фойдали меҳнат билан даромад топаётган фуқаро ойига 75 000 сўм маблағни солиқ идорасига тўлаб, номига меҳнат дафтарчаси очириб, ҳар ой белгиланган маблағни тўлаб борса, у келгусида ўзининг пенсия таъминоти учун замин тайёрлайди. Ана шу имтиёздан фойдаланиб, давлат хазинасига белгиланган суммани тўлаб, меҳнат дафтарчаси очилган фуқароларга шу куннинг ўзида расмий ҳужжат тақдим этилди.
 
 
Тадбирда шунингдек, дин ниқоби остида ёвуз ниятларини амалга оширмоқчи бўлган кимсаларнинг қутқусига учраган, чет элга кетиб, террористик ҳаракатларга қўшилиб қолган айрим ёшларнинг аянчли қисмати ҳақида ҳикоя қилувчи фильм намойиш этилди. Экранда фарзандини пул топишга жўнатиб, бедарак йўқолганлигидан хавотирга тушган онаизор. Ўғлининг ўлими ҳақидаги хабарни эшитган онанинг ҳолати иштирокчилар қалбини ларзага солди.
Фильм муҳокамаси эса баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.
- Пул топиш учун албатта, чет элга отланиш шарт эмас, - деди вилоят касаба уюшмалари бирлашмаси раиси Зулайҳо Маҳкамова ўз сўзида. – Фарзандининг нима иш билан шуғулланганидан бехабар ота-она демакки, тарбияни қўлдан чиқарибди. Бунга маҳалла-кўй ҳам қисман айбдор. – «Бир болага етти маҳалла ота-она» деган нақл бежиз айтилмаган. Маҳалладошимизнинг фарзанди йўлдан адашяптими, бунга қўл қовуштириб қараб ўтириб бўлмайди. Эртага сизнинг фарзандингиз ҳам шу йўлга кириб қолмаслиги керак.
Аччиқ ҳақиқат, рўй-рост айтилган гаплар барчани огоҳликка чорлади.
Якунда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган, барчага ибрат бўлаётган хонадон соҳибларига ташкилотчиларнинг ташаккурномалари, эсдалик совғалари тақдим этилди.
Гулчеҳра БУВАМИРЗАЕВА.
Раҳмонжон МАМАДАЛИЕВ олган сурат.

Биз Twitterда