Пўсти, илдизию меваси шифо - Анор

 
Анор ер юзидаги энг фойдали мевалардан бири ҳисобланади. Уни қадим замонлардан бери севиб истеъмол қилишади. Таркибида турли-туман витаминлар, бириктирувчи тўқималар, микроэлементлар мавжуд.
Анор дарахтини етиштириш ҳамма томондан ёқимли ва фойдали. Унинг пўсти, илдизлари шифобахш, баргларини дамлаб ичиш мумкин, меваси жуда ширин. Қуритилган анор гуллари чой сифатида дамлаб ичилса, гипертоникларга катта фойда беради.
Анор шарбати витаминларга бой маҳсулот ҳисобланади, шу боис уни организмнинг силласи қуриганида, камқонликда, атеросклерозда, нафас олиш йўллари инфекцияларида, бронхиал астмада, ангинада, радиоактив нурланишда ичиш тавсия этилади.
У ҳўл мева сифатида ҳам, мураббо кўринишида ҳам шифобахш ҳисобланади. Анор ўз таркиби ва фойдали хусусиятларига кўра шу даражада ноёбки, уни ҳам тиббиётда, ҳам косметологияда қўллашади.
Анор ўтқазиш учун энг яхши ер қуруқ ва нами кам ердир. Айтишларича, анор дарахти билан ток ўртасида муҳаббат бўлиб, бу икки дарахт бир-бирига яқин экилса, ҳосили сероб бўлади. Анор дарахти заиф бўлади ва қишда совуқ тез таъсир қилади. Шунинг учун совуқдан омон қолдириш мақсадида ошқовоқнинг барглари ва қуриган шохлари билан беркитиш лозим.
Умрининг асосий қисмини жангу жадаллар ичида ўтказган Соҳибқирон Амир Темур Моварауннаҳр пойтахти Самарқандда жуда кўплаб боғлар яратган. Боғи Дилкушо, боғи Чинор, боғи Шамон, боғи Беҳишт каби қатор чорбоғлар бунёд этдирган. Бундай ободончилик ишлари темурийлар салтанатининг бошқа шаҳарларда ҳам амалга оширилган. Масалан, Бобур Фарғона вилоятининг маърифатида анор ва ўрик мевасининг бисёр бўлишини қайд этган. Ўша замонларда “Аби Самарқанд” ва “анори Хўжанд” ибораси машҳур бўлган. Бобур Марғилонда “доно калон” ва “саммон” навли анорларнинг ширинлигини алоҳида қайд қилган.
Бобур кейинчалик Қобул ва Одинапурда Самарқанд боғларидаги каби анор эктирган. У куз орасида анорнинг сариқ рангдаги беланишини завқ билан таърифлаган. Бек ва яқин аъёнлари билан анорхўрлик қилган.
vodiymedia

Биз Twitterда