Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Наманган вилояти филиалига раҳбар тайинланди

Тўхтабаев Шуҳрат Абдулмаҳмудович Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида ташкил этилган Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Наманган вилояти филиали раҳбари этиб тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
 
 
31 январь куни Наманган шаҳар ҳокимлиги мажлислар залида бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси ўринбосари Нодир Махсумов Шуҳрат Тўхтабаевни Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг вилоят филиали раҳбари сифатида таништирди.
 
 
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги давлат бошқаруви органлари ва ташкилотларда кадрлар бошқаруви ҳамда инсон ресурсларини ривожлантириш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга ошириш учун масъул бўлади, ўз фаолиятида бевосита Ўзбекистон Республикаси президентига бўйсунади ва унга ҳисобот беради.
 
 
Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг асосий вазифалари давлат хизматини трансформацияси учун мафкуравий платформаси ривожлантириш дастурлари ва лойиҳаларини ишлаб чиқиш, давлат хизмати соҳасида ягона сиёсатнинг амалда бажарилишини таъминлаш, давлат органлари ва ташкилотларининг кадрлар сиёсати соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш, давлат хизматини ривожлантириш тенденциялари ва ривожланиш истиқболларини мониторинг ҳамда таҳлил қилиш, ушбу соҳадаги муаммолар ва муаммоларни ҳал қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, ходимларни бошқариш ва инсон ресурсларини ривожлантиришнинг очиқлик, профессионаллик ва ҳисобдорлик тамойилларига асосланган инновацион усулларини жорий этишдир.
Маълумот ўрнида, Тўхтабаев Шуҳрат Абдулмаҳмудович 1979 йилда Наманган шаҳрида туғилган. Наманган муҳандислик-педагогика институтини информатика ва ахборотлар технологияси мутахассислиги ҳамда Наманган давлат университетини юриспруденция мутахассислиги билан тамомлаган. Кўп йиллар адлия тизимида фаолият олиб борган, 2013-2015 йилларда Наманган вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаган. 2015-2019 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати сифатида фаолият кўрсатган.

Биз Twitterда