Президент ташаббуси: Хиёбон, музей ва хорижий тиллар махсус мактабини ўз ичига олган Ибрат мажмуаси қурилишида иш қизғин

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 13 апрелдаги «Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида атоқли маърифатпарвар Исҳоқхон Ибрат номидаги ёдгорлик мажмуасини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори асосида  XX аср Миллий уйғониш даври ғарб тилларининг билимдони, ўлкамиздаги илк матбаачилардан бири сифатида Ватан тараққиёти йўлида фидокорона хизмат қилган Исҳоқхон тўра Жунайдуллахон тўра ўғли Ибрат хотирасини абадийлаштириш мақсадида  туман марказида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
 
 
Дастлаб, мутахассислар томонидан  зиёратгоҳ, музей ҳамда 240 ўринли хорижий тилларни ўрганишга ихтисослаштирилган махсус мактабни ўз ичига олган мажмуа барпо этиш лойиҳаси ишлаб чиқилди ва мазкур лойиҳага асосан 2 гектарга яқин ҳудудда қурилиш  ишлари қизғин давом эттирилмоқда.
Наманган вилоят архитектура ва қурилиш бош бошқармаси ҳамда «Бетакрор қурилиш дизайн» МЧЖ томонидан режалаштирилган улкан қурилиш объектида бош пудратчи «Турон Мега строй» МЧЖ  бунёдкорлари  астойдил меҳнат қилмоқдалар.
XIX асрнинг охирларида бунёд этилган ва ўзига хос меъморий кўринишга  эга бўлган Ғойибназар Қози мадрасаси тарихий обида сифатида сақланиб қолиб, реконструкция ишлари олиб борилмоқда ва бу ерда Ибрат музейини ташкиллаштириш мақсадида қўшимча бинолар қурилмоқда.  
Шунингдек, аввалги боғ ўрнида ёдгорлик хиёбони ташкил этилиб, унга Ибрат ҳайкалини ўрнатиш режалаштирилмоқда.
Хорижий тилларни ўрганишга ихтисослаштирилган икки қаватли махсус  мактабнинг биринчи қавати битказилиб, иккинчи қаватида ишлар қизғин олиб борилмоқда. 
Шоҳида ДАМИНОВА

Биз Twitterда