Президентимизнинг кўнгилларни, дилларни ва албатта уйларни иситувчи қарори!

Аҳоли ҳамда ижтимоий соҳа объектлари учун қулай шарт-шароит яратишда иссиқлик ва иссиқ сув таъминоти бўйича узлуксиз ва сифатли хизмат кўрсатиш энг муҳим омиллардан бири саналади. 
 

Мамлакатимизда марказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизими 1950-1970 йилларда очиқ сув тақсимоти ҳамда бино ва иншоотларнинг иситиш тизимларини иссиқлик тармоқларига улаш схемаси асосида ташкил қилинган. 
Монтаж қилишда кам маблағ сарфланадиган, аммо фойдаланишда катта миқдорда маблағ талаб қиладиган бундай марказлаштирилган иссиқлик таъминоти тизимларининг ўзига хослиги ички иситиш тизими ва иссиқлик тармоқлари қувурларининг хизмат қилиш муддати қисқалиги, иссиқликни ишлаб чиқариш, транспортировка ва истеъмол қилишда эксплуатация харажатларининг юқорилиги, тармоқлар орқали сув узатиш ва иссиқлик қуввати таъминотида белгиланган меъёрдан ортиқ маблағ сарфланиши билан ифодаланади. 
Бугунги кунда қозонхона ускуналари ва тармоқларнинг ўта эскиргани сабабли, мавжуд иссиқлик таъминоти тизимида иссиқлик манбаларидан мақбул даражада фойдланишнинг имкони бўлмаяпти, бу эса иссиқлик таъминоти корхоналари фаолиятига, истеъмолчиларни иссиқлик хизмати ва иссиқ сув билан таъминлаш сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда. 
Марказлаштирилган иссиқлик таъминотидан узилган айрим кўп хонадонли уйлар кўпинча сертификатга эга бўлмаган ва ёнғин хавфсизлиги кафолатланмаган газ ва электр ускуналари билан иситилмоқда. 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2018-2022 йилларда иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш дастури тўғрисида»ги қарори истеъмолчиларга иссиқлик энергияси етказиб бериш сифатини ошириш ва узлуксизлигини таъминлаш, иссиқлик таъминоти тизимини замонавий тежамкор ва кам энергия сарфлайдиган технологияларни жорий этиш асосида янгилаш ва модернизация қилиш, ёқилғи-энергетика ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланишга доир чора-тадбирларни изчил амалга ошириш мақсадида қабул қилинди. 

Биз Twitterда