Президент биотехнологиялар йўналишларини комплекс ривожлантириш бўйича топшириқ берди

Бироз аввал хабар қилганимиздек, Президент Шавкат Мирзиёев олимлар, ёш тадқиқотчилар, илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари ва ишлаб чиқариш сектори вакиллари билан учрашув ўтказди. Унда илм-фан соҳасидаги энг муҳим вазифалар муҳокама қилинди.
 
 
Президентимиз жаҳон бозори ва илм-фанидаги тенденцияларни кўрсатиб ўтиб, агро ва биотехнологиялар, озиқ-овқат, шу жумладан, фудо-микс,  био-тиббиёт ва фарма-биотехнологиялари йўналишларини комплекс ривожлантириш бўйича топшириқ берди.
Озиқ-овқат таркиби ва унинг инсон саломатлигига таъсирини ўрганиш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи ва тўғри овқатланишни тарғиб этиш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.
Ботаника институти фаолиятини такомиллаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича вазифалар белгиланди.
Мамлакатимиз ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг рақамли давлат кадастрини йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди. Бу юқори даражадаги илмий тадқиқотларни режалаштириш, биологик муҳофаза чораларини белгилаш, соҳа ривожига оид муҳим амалий қарорларни қабул қилиш учун имконият яратади.
Тиббиёт ва фармацевтика соҳаларида ДНК ва ҳужайравий технологиялар, генетик таҳлиллар,  янги биоматериаллар ва биополимерларни ишлатиш амалиётини ривожлантириш, потенциал истеъмолчилар билан илмий-тадқиқот институтлари ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича топшириқлар берилди.
Яна бир устувор йўналиш – саноат учун минерал хомашё базасини таъминлаш билан билан боғлиқ бўлган геология соҳаси.
Мамлакатимизда фойдали қазилмаларнинг 70 дан ортиқ тури бўйича 2 мингдан ортиқ конлар аниқланган. Лекин қазиб олиш ва қайта ишлаш осон бўлган конлар тобора камайиб бормоқда.

Биз Twitterда