Президент қарори билан "Тоза ичимлик суви" жамғармаси ташкил этиладиган бўлди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 20 апелда  “2017-2021 йилларда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини комплекс ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш дастури тўғрисида”ги қарорга имзо чекди.
 
 
Унга биноан “Тоза ичимлик суви” жамғармасини ташкил этиш назарда тутилган бўлиб, унинг маблағлари мамлакатимизда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимини янада ривожлантириш ва модернизация қилишга, республикамиз аҳолиси, айниқса, қишлоқ аҳолисини сифатли ичимлик суви билан таъминлашга йўналтирилади. 
Коммунал соҳа мамлакатимиз ҳудудий инфратузилмасининг энг муҳим таркибий қисмини ташкил этади, унинг фаолияти эса одамларимизнинг муносиб ҳаёт кечириши учун зарур шарт-шароитларни шакллантиради, уй-жойлар ва аҳоли пунктларининг ҳар жиҳатдан шинам ва қулай бўлишини таъминлайди. 
Мазкур соҳанинг тараққиёт даражаси ва фаолият самарадорлиги аҳолининг шунга мос ҳаёт сифатини шакллантиради, турмуш даражаси ва ҳаёт тарзини акс эттиради, иқтисодий салоҳиятни янада юксалтириш омилларидан бири бўлиб хизмат қилади. Буларнинг барчаси ўзаро боғлиқ бўлиб, сифатли хизмат – соғлом жамият гаровидир. 
Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Республикамизда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантиришга оид муҳим устувор йўналишлар, дастур ва лойиҳаларнинг изчил амалга оширилиши шаҳар ва туманларда, жумладан, қишлоқ жойларда марказлаштирилган ичимлик суви таъминоти ва канализация хизматларини сезиларли равишда яхшилаш имконини берди. 
Фақат 2011-2016 йилларда мамлакатимизда қарийб 13 минг километрдан иборат йирик сув қувурлари ва тармоқлари, бино ва иншоотларда 1 минг 600 дан ортиқ сув чиқариш қудуқлари, шунингдек, 1 минг 400 та сув минораси ва резервуари қурилди ҳамда реконструкция қилинди. 
Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки, Ислом тараққиёт банки каби халқаро молия институтларининг грант ва кредитларини жалб этиш ҳисобидан ичимлик сувидан фойдаланиш имкониятига эга бўлмаган кўплаб аҳоли пунктлари талабга жавоб берадиган ичимлик суви таъминоти билан қамраб олинди. 
Шу билан бирга, айрим аҳоли пунктларини, энг аввало, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё ва Хоразм вилоятларидаги аҳоли масканларини сифатли ичимлик суви билан таъминлашга оид қатор муаммолар ҳанузгача ҳал этилмасдан қолмоқда. 
Юртимизда оилалар ва маҳаллалар сони мунтазам кўпайиб, юзлаб янги турар жой мавзелари, аҳоли пунктлари барпо этилаётгани ва шаҳарларнинг кенгайиб бораётгани ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимини тубдан яхшилаш борасида амалий чора-тадбирларни амалга оширишни талаб этмоқда. Бу чора-тадбирлар энергия ва ресурсларни тежайдиган замонавий технологиялар асосида сув чиқариш ва канализация-тозалаш иншоотлари, сув ўтказгичлар, насос станциялари, тақсимлаш узеллари, водопровод ва канализация тармоқларини модернизация қилишга қаратилиши лозим. 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2021 йилларда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини комплекс ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш дастури тўғрисида”ги қарори ана шу муҳим вазифаларни ҳисобга олган ҳолда қабул қилинган ва у аҳолининг кенг қатламлари, айниқса, қишлоқ аҳолиси учун янада қулай ва муносиб ижтимоий-маиший шароитлар яратиш, 2017-2021 йилларда мамлакатимизда ичимлик суви таъминоти ва канализация хизматлари кўрсатиш самарадорлигини ошириш, истеъмолчиларнинг барча ҳудудларда сифатли ичимлик сувидан фойдаланишини таъминлашга қаратилган. 
Мазкур қарор билан, хусусан, қуйидаги дастур ва лойиҳалар тасдиқланмоқда: 
10,2 минг километр ичимлик суви қувурлари ва тармоқлари, 1677 та сув чиқариш қудуғи, 1744 та сув минораси ва резервуари қуриш ҳамда реконструкция қилиш, шунингдек, 1440 дона насос ускунасини ўрнатиш назарда тутилаётган туманлар ва аҳоли пунктлари бўйича 2017-2021 йилларда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини комплекс ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш дастурининг йиғма ва манзилли параметрлари; 
20 та ичимлик суви таъминоти объектини қуриш ва реконструкция қилиш, 302 километрдан иборат сув ўтказиш ва водопровод тармоқларини барпо этиш бўйича йирик лойиҳаларни амалга ошириш назарда тутилган 2017-2021 йилларда минтақалараро аҳамиятга молик ичимлик суви таъминоти тизимлари ва ўта муҳим объектларни барпо этиш ҳамда реконструкция қилиш бўйича манзилли дастур; 
халқаро молия институтларининг кредитларини жалб этган ҳолда, республикамиз ҳудудларида 36 та инвестиция лойиҳасини амалга оширишни назарда тутадиган 2017-2021 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ичимлик суви тармоқлари ва канализация тизимларини қуриш ва реконструкция қилиш манзилли дастури. 
Дастурни 2017-2021 йилларда молиялаштириш учун 4,8 триллион сўм, жумладан, давлат бюджетидан 2,2 триллион сўм, халқаро молия институтларининг 2,6 триллион сўм ёки 730,7 миллион доллар миқдоридаги маблағлари йўналтирилади. 

Биз Twitterда