Ҳозиргина Абдулла Арипов иштирокида коронавирус бўйича брифинг бошланди

Ҳозиргина, соат 13:00да Вазирлар Маҳкамасида Бош вазир Абдулла Арипов иштирокида коронавирус мавзусига бағишланган брифинг бошланди.
 
 
Брифингда Ўзбекистонда коронавирус пайдо бўлиши муносабати билан янги чоралар эълон қилиниши ҳам мумкин.
 
«Республикамизга 14 март куни халқаро аэропортлар орқали 38та рейсда 4800 нафар, темир йўл орқали 1860 нафар, қолган чегара божхона постлари орқали 38 000 нафар киши кириб келган. Уларнинг аксар қисми касаллик қайд этилган Россия, Қозоғистон ва Европа давлатларидан кириб келишган.
Чегарадан кириб келиш жараёнида улар бирламчи тиббий кўрикдан ўтказилиб, тана ҳарорати ўлчанган.
Эпидемик вазият нохуш бўлган давлатларда бўлиб қайтган 7 781 нафар фуқаролар уй шароитида тиббий кузатувга олинган. Улардан 5,6 минг нафарида касалликни яширин даври якунлангани учун тиббий кузатувдан олинган. Бугунги кунда 2 100 нафар фуқаролар саломатлиги устидан тиббий кузатув давом этмоқда.
15 март куни соат 06.00 да Республика Вирусология институти лабораториясида Франция Республикасида бўлиб қайтган 1 нафар Ўзбекистон фуқаросида COVID-19 коронавирус инфекцияси аниқланди.
Ҳозирда эпидемиологик суриштирув ҳамда касалликнинг тарқалиб кетмаслиги учун профилактик чора-тадбирлар тўлиқ амалга оширилмоқда.
Мавжуд вазият бўйича хавотирга ўрин йўқ. Ушбу бемор билан мулоқотда бўлган шахслар, у билан бирга Франциядан учиб келган йўловчиларнинг тўлиқ рўйхати тузилган, уларнинг яшаш жойларини аниқлаш ва улар устидан тиббий кузатув ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда, эпидемияга қарши барча тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бу хабардан кейин аҳоли ўртасида ваҳима уйғониши керак эмас. 80 фоиз ҳолатларда касаллик енгил ўтмоқда, 15 фоиз ҳолатларда ўрта даражада, фақат 5 фоиз ҳолатларда оғир ҳолат. Касаллик оғир ўтиши ҳолатлари сурункали касаллиги бор ёши катта одамларда кузатилмоқда.
Кўряпмизки, касалланганларнинг 50 фоиздан ортиғи бутунлай соғайиб, нормал ҳолатга қайтган. Шунинг учун, халқимиздан сўрардикки, ваҳимага тушмасдан, шахсий гигиена қоидаларига жиддий риоя этишларини, хонадонларини озода сақлаш, жамоат транспортидан фойдалангандан кейин доим қўлларни совунлаб юриш, зарарсизлантирувчи воситаларни қўллаш тавсия этилади», деган у.
Эслатиб ўтамиз, касаллик олдини олиш учун ҳар бир фуқаро қуйидаги тавсияларга амал қилиши керак:
  • аввало чет элга боришни режалаштиришда дунёдаги эпидемик вазият бўйича тўлиқ маълумотлардан хабардор бўлинг!
  • зарурат бўлмаган тақдирда оммавий тадбирларда иштирок этишдан имкон қадар чекланинг!
  • қўлларни тез-тез, яхшилаб совун билан ювинг ва спиртли дезинфекцияловчи воситалардан фойдаланинг!
  • фаразандларингизнинг қўл ювишини доимий назоратга олинг!
  • юз-кўзингизни нотоза қўл билан ушламанг!
  • уй ҳайвонларини боқишда, асрашда гигиена қоидаларига қатъий риоя қилинг!
  • одамлар олдида йўталганингизда ёки аксирганингизда оғзингиз ва бурнингизни дастрўмол, салфетка ёки букилган тирсагингиз билан тўсинг!
  • шамоллаш ёки грипп аломатлари бор одамлар билан яқин, юзма-юз мулоқот қилишдан чекланинг!
  • овқатланишда яхшилаб пиширилган, асосан қайнатилган ва қовурулган таомлардан истеъмол қилинг, истеъмол қилинаётган гўшт ва сут маҳсулотларининг яхшилаб пишганлигига ишонч ҳосил қилинг!
  • иситма, йўтал ва нафас қисиши ҳолатлари пайдо бўлганда дарҳол шифокорга мурожаат қилинг!
Агарда сизда COVID-19 коронавирус инфекцияси ва у билан боғлиқ вазият юзасидан қўшимча савол туғилса, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг 71 276-49-66 телефон рақамига мурожаат қилишингиз мумкин.
  • 15 март ҳолатига кўра, бутун дунёда жами 156 785 кишида коронавирус аниқланган, ҳозиргача уларнинг 75 937 нафари соғайиб кетган, 5839 киши вафот этган.
  • Вирусдан энг кўп жабрланган давлатлар Хитой (80844 ҳолат, 3199 ўлим), Италия (21157 ҳолат, 1441 ўлим), Эрон (12729 ҳолат, 611 ўлим), Жанубий Корея (8162 ҳолат, 75 ўлим), Испания (6391 ҳолат, 196 ўлим), Германия (4599 ҳолат, 9 ўлим), Франция (4469 ҳолат, 91 ўлим), АҚШ (2982 ҳолат, 60 ўлим), Швейцария (1375 ҳолат, 13 ўлим), Буюк Британия (1140 ҳолат, 21 ўлим) ва Норвегия (1109 ҳолат, 3 ўлим) бўлиб қолмоқда.

Биз Twitterда