Отабек Имомов: Қаҳрамон сўзи Ислом Каримовни англатмоққа етмайди...

 
Сентябрь ойи яқинлашиши билан, бир йил олдин айни шу кунларда халқимиз бошига тушган оғир жудоликни кечагидек эслаяпман. Кўз очиб юмгунча бир йил вақт ҳам ўтди. Август ойининг охирги кунларида биринчи президентимиз саломатлиги ҳақида телевизорда берилаётган ахборотлар бутун халқимиз қатори мени ҳам гангитиб қўйди. Ўшанда президент ҳолати ҳақида берилаётган ахборотлардан бирини эшитиб турганимда 5 ёшли қизим олдимга келиб, эркаланиб “дада, “Болажон”га олинг” деди. Мен “қизим тўхтаб тургин, бобонг касал эканлар” десам, “қайси бобом?” деб савол берди, “Ислом Каримов” десам, “Ҳа мен биламан, боғчамизда расмлари бор, боғча опам бизга гапириб берган” деб беихтиёр ёнимга ўтириб, ахборотни у ҳам кўра бошлади. Тўғри, берилаётган маълумотларни қизим тўлиқ тушунмаса ҳам, қандайдир жиддий воқеълик бўлаётганини англаб турарди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан, биринчи президентимиз Ислом Каримовдан ажраб қолдик.
Ҳозир қизим 6 ёшга тўлган, уни кўриб ўзимни ушбу ёшимдаги даврларни хотирлайман. 90-йиллар, ҳаммасини эслайман, мурғак қалбим билан сиёсий жараёнларни тушунмасам ҳам қишлоқда одамларни қийналиб яшаётганини, кўчамиздаги магазинда озиқ-овқат танқислиги, магазинга ёғ, ун, нон каби маҳсулотлар келса, уларга навбатда 50, баъзан 100 дан ортиқ одамлар йиғиши, улар атрофида болалар ва ҳар хил бекорчиларнинг тўпланиши, магазинчининг эса асабийлашиб, “киши бошига мана бунча, кўп беролмайман, ҳаммага етмайди” деб тақсимлаши, ота-онам ишга кетган вақтда нонга мен ҳам навбатга турганларим эсимда. Ўша даврда булар мен учун одатийдек туюларди, бундай навбатлар биз болалар учун вақтичоқлик эди, чунки бу қий-чувлар текин томошадек эди. Кўпчилигимиз катта бўлсак сотувчи бўлишни орзу қилардик, чунки унда ҳамма нарса бор, сотувчи ҳамма нарсани тарқатади деб ўйлардик.
Кейинчалик билсам, мени болалигим Собиқ Иттифоқнинг таназзулга юз тутиш даврига тўғри келган экан. Ўша даврда ҳамқишлоқларим, халқимиз қийналаётган давр экан. Оз маҳсулотни халқга тенг тарқатаман деб асабий бўлган магазинчига ҳам осон бўлмаганлигини тушундим.
Мулоҳаза қилсак, шундай оғир даврдан халқимиз қандай чиқди? Бугун мен қизимни магазинда нон учун узундан  узун навбатда туришини тасавур ҳам қила олмайман, аммо фарзандларимга барча неъматларни қадрига етиш лозимлигини сингдиришим керак эканлигини ҳис қиламан.
1991 йил 31 август кунги Ислом Каримовнинг тарихий нутқидаги қуйидаги сўзлар ҳам юқоридаги фикрларни тасдиқлайди:
“Мамлакат катта фалокат юқасига, жар ёқасига келиб қолганини кўриб турибмиз. Халқ ўзининг эртанги кунига ишончини кундан кунга йўқотаяпти. Одамлар ўзларининг, оиласининг, бола-чақасининг тинчлигига кафолат истайди. Тўкис, хотиржам ҳаёт талаб қиляпти. Бу истаклар, бу талаблар сафсатабозлик ва ваъдабозлик остида кўмилиб кетяпти”.
Шу куни президент халқимизнинг асрий орзуси бўлган мустақилликни эълон қилди. Ҳа, бу сўзларни ёзиш, гапириш осон, аммо у қандай амалга ошганлигини ҳамма ҳам тасавур қилолмайди. Собиқ Итифоқ таркибидаги давлатлар ичида биринчилардан бўлиб мустақилликни эълон қилиш, дунё тан оладиган тинч ва фаровон давлатни ташкил этиш, ҳар кимнинг ҳам қўлидан келмайди. 70 йилдан ортиқ вақт давомида мамлакатимиз ва ундаги раҳбарлар фақат Москва кўрсатмалари асосида фаъолият олиб борганлиги сир эмас. Бунга кўникмаган, бўйсинмаганлар эса аёвсиз йўқ қилинди. Фақат марказ кўрсатмаси асосида иш юритиш раҳбарлар қон  қонига сингиб кетган ва бу улар учун одатийдек эди. Унга қарши чиқиш, мустақилликни эълон қилиш, ўз халқини дардини ҳис қилиб, буни энг юқори минбарларда туриб гапириш учун инсонда фавқулодда мардлик, янгича фикрлаш, келажакда юксак ишларни бажара олишни олдиндан мўлжаллай олиш каби фазилатлар бўлиши лозим. Халқимизнинг шундай фарзанди бу албатта Ислом Каримов эди.
Мустақиллик эълон қилингани билан қолган ишлар ўзидан  ўзи бўлиб кетавермасди. Ушбу неъматни олиб келган инсонга қарши чиқадиган, марказга боғланиб қолган одамлар дастлабки кунлардаёқ қабиҳ фитналар уюштиришди. Шу боис Ислом Каримов озодликка эришилган дастлабки кунларда “Ўз истиқлол ва тараққиёт йўлимиз – бу гул билан қопланган йўл эмас, бу тоталитаризм меросидан халос бўлиш ва покланиш, мафкуравий иллат етказган зиён-заҳматларни бартараф этишнинг қийин, узоқ давом этадиган йўлидир” деб айтган сўзлари исботини топди.
Кейинчалик эса соф ислом динимизни пеш қилиб, халқ розилигисиз ислом давлати қуриш баҳонасида ўзининг жирканч манфаатларини амалга ошириш мақсадидаги инсон деб атаб бўлмайдиган кишиларнинг ҳаракатлари, ўзини мухолифат деб атайдиган Республикада тан олинмаган, ўзининг шахсий манфаати йўлида ҳеч қандай қабиҳликдан қайтмайдиган кучларнинг мамлакат ташқарисидан, баъзан яширин ички томондан бўҳтонлар қилиб тош отгувчилар ҳам кам бўлмади. Буларнинг ҳаммасига қарши чиқиш, адашганларини кечириш, жаҳолатга маърифат орқали курашиш, халқимизни бир қошиқ қонини тўктирмасдан, ушбу балоларни даф қилиш учун ҳам раҳбарда мардликдан ташқари, юксак ақл, билим, ҳар томонлама салоҳият бўлиши лозим. Буларни ҳаммаси Ислом Каримовда бор эди.
1990 йил ва 2017 йил! Ушбу икки даврдаги мамлакатнинг ва халқимизнинг иқтисодий ҳолати солиштирилса, фарқ ер ва осмон кабидир. Бу ўзидан ўзи бўлдими? Йўқ, бундай ҳолатга келиш учун юксак билимли, иқтисодиётда келажакни кўра оладиган, етакчи лозим. Бу албатта Ислом Каримов эди.
Миллат ушбу даврда ўзлигига қайтди, тинчлик, тенг ҳуқуқлилик, ҳалол меҳнат орқали ҳар қандай чўққини эгаллаш, эркинлик ва қўйингки барча неъматлар таъминланди. Бу давом эттириляпти.
Кўпчилик қаҳрамон деганда жангларда юксак шижоат кўрсатган ёки қандайдир вазиятда бир нечта инсонлар ҳаётини сақлаб қолган одамни тушунади. Тўғри булар ҳам қаҳрамонлик, аммо Ислом Каримовнинг юқорида саналган ва мен санаб ўтолмаган юксак ишларини нима деб аташ мумкин? Ушбу ишларни бажарган одамга нисбатан қайси сўзни ишлатиш керак? Қаҳрамонлик етмаса керак тўла англатмоққа, ифода қилмоққа... Ўзбек тилидаги яна қайси сўздан фойдаланиш мумкин? Сўз тополмадим...
Имомов Отабек,
Наманган давлат университети катта ўқитувчиси

Биз Twitterда