Оилавий муносабатлар – суд ҳимоясида: вақтинчалик ва маиший келишмовчилик никоҳдан ажратиш учун етарли асос бўла олмайди!

 
Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси оилани мустаҳкамлаш, оилавий муносабатларда ўзаро муҳаббат, ишонч ва ҳурмат, ҳамжиҳатлик, бир-бирига ёрдам бериш ҳамда оила олдида унинг барча аъзоларининг масъуллиги ҳисси асосида қурилиши, бирон-бир шахснинг оила масалаларига ўзбошимчалик билан аралашишига йўл қўйилмаслиги, оила аъзолари ўз ҳуқуқларини тўсқинликсиз амалга ошириши ҳамда бу ҳуқуқларнинг ҳимоя қилинишини таъминлашдан иборатдир.
Шу сабабли, ёш оилалар қурилганда, уларнинг ички ҳаётига ташқаридан аралашишлар жуда кўп учраб келмоқда, бунинг натижасида кўплаб оилаларда низолар кескин тус олиб, оилавий ажралишлар сони кундан кунга кўпайиб бормоқда.
Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг 2011 йил 20 июль кунидаги 6-сонли “Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида” ги қарорида судларга оилани мустаҳкамлаш, эр-хотинлар ва улар фарзандларининг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишдан келиб чиққан ҳолда никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишларни фуқаролик ишларининг энг муҳим туркумларидан бири деб ҳисоблаш ва бундай ишларни кўришга эътиборни кучайтириш мажбурияти юклатилган.
Ёш оилаларнинг ва вояга етмаган фарзандлари бўлган эр-хотинларнинг никоҳларини мустаҳкамлашга ва уларнинг барқарорлигини сақлаб қолишга судларнинг алоҳида эътибори қаратилган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми республика судларининг фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституциясидан келиб чиққан ҳолда, оилани ҳар томонлама ҳимоялашга, болаларни Ватанга ва оилага садоқатли бўлиш, оила ва жамият олдида жавобгарлик ҳиссида тарбиялашга қаратилганлигини таъкидлайди.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 40-моддаси талабига кўра, никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар судда эр ёки хотиннинг аризасига биноан даъво ишларини ҳал қилиш учун белгиланган тартибда кўрилади деб таъкидлаб ўтилган.
Никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишни кўришда судлар эр-хотинни яраштириш ва оилавий вазиятни соғломлаштириш чоралари кўрилмоқда.
Эр-хотинни яраштириш чораларини кўришда суд тарафларнинг ёки улардан бирининг илтимосига ёхуд ўз ташаббусига кўра ишнинг кўрилишини бошқа вақтга қолдиришга ва эр-хотинга ярашиб кетишлари учун Оила кодексининг 40-моддасида кўрсатилган доирада муҳлат белгилашга ҳақли.
Суд яраштириш учун берилган муддатда, эр-хотинни яраштириш мақсадида, зарур ҳолатларда ажрим нусхаларини улар яшайдиган худуддаги хотин-қизлар қўмиталарига ва ўзини-ўзи бошқариш органларига муҳокама қилиш учун юбориши мумкин.
Ишнинг кўрилиши бошқа вақтга қолдирилаётгандаги муҳлат эр-хотиннинг ўзаро муносабатларини ва уларнинг яшаб кетиш имкониятларини ҳисобга олган ҳолда белгиланиши лозим.
Оилани сақлаб қолиш мақсадида суд иккинчи маротаба ишни кўришни қолдиришга ва эр-хотиннинг ярашиб кетиши учун қонунда кўрсатилган, олти ойгача бўлган муҳлатни белгилашга ҳақли.
Фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилояти Наманган туманлараро суди никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишларни кўришда айнан мана шу тамойилларга асосланган ҳолда, жумладан, Наманган шахар, Наманган ва Мингбулоқ туман ҳокимликлари ҳузуридаги хотин-қизлар қўмиталари ва ўзини – ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда иш олиб бормоқда.
Судьялар томонидан никоҳдан ажратиш ишларини кўриб чиқишда, асосий эътибор имкони борича оилаларни сақлаб қолишга ва етарли асосларсиз никоҳдан ажратишга йўл қуймасликка қаратилмоқда, шунингдек, судлар никоҳдан ажратиш ишларини кўриб чиқишда оилани барбод бўлганлик сабабларини аниқлаб, эр-хотиннинг нолойиқ хатти-ҳаракати ҳамда оиланинг барбод бўлишига сабабчи бўлган бошқа шахслар устидан алоҳида ажримлар чиқариши, тарбиявий характерга эга бўлган чоралар кўриши, оилавий келишмовчиликларни ечишга ёрдам бериш учун ажрим нусхаларини уларнинг иш, ўқиш ёки яшаш жойларидаги хотин-қизлар қўмиталари ва ўзини ўзи бошқариш органларига юборилмоқда.
Шу жумладан, никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар бўйича суд ҳал қилув қарори чиқаришидан аввал эр-хотиннинг ўзаро муносабатларини, никоҳдан ажратиш учун қўйилаётган асосларни, эр-хотин ўртасидаги келишмовчиликнинг асл сабабларини ҳар томонлама текшириб чиқмоқда.
Амалдаги қонунчилик бўйича оиладаги вақтинчалик ва маиший келишмовчилик, тасодифий сабабларга кўра, эр-хотин ўртасида келиб чиққан низолар никоҳдан ажратиш учун етарли асос бўла олмайди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленумининг 2011 йил 20 июль кунидаги 6-сонли “Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги қарорининг 16-банди 2-қисмига асосан жиддий асосларга эга бўлмаган сабабларга кўра эр-хотиндан бирининг никоҳ муносабатини давом эттиришини хоҳламаслиги никоҳдан ажратиш учун етарли асос бўла олмайди деб белгилаб кўйилган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 42-моддасига кўра вояга етмаган болалари бўлмаган эр-хотин никоҳдан ажралишга ўзаро рози бўлсалар, қоида бўйича уларнинг никоҳи фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида ажратилади.
Бундай ҳолатда суд иш юритишни тугатиб, тарафларга ФҲДЁ органига мурожаат қилиш ҳуқуқлари борлиги тушунтирилади.
Оила Кодексининг 39-моддасига биноан, эр хотиннинг ҳомиладорлик вақтида ва бола туғилганидан кейин бир йил мобайнида хотиннинг розилигисиз никоҳдан ажратиш тўғрисида иш қўзғатишга ҳақли эмас.
Боланинг отаси деб қайд этилмаган ҳолларда ҳам эр бола туғилганидан кейин бир йил мобайнида хотинининг розилигисиз никоҳдан ажралиш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақли эмас. Ушбу қоида бола ўлик туғилган ёки 1 ёшгача яшамай, вафот этган ҳолларга ҳам тадбиқ қилиниши лозим. Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишни қўзғатиш учун хотиннинг розилиги бўлмаса, суд эридан даъво аризасини қабул қилишни рад этади, агар қабул қилинган бўлса, иш юргизишни тугатади. Хотин судда иш қўзғатишдан олдин эрининг аризаси бўйича никоҳдан ажралишга розилик бериб, ишни кўришда унга қаршилик билдирса ҳам иш юргизишни тугатиш лозим бўлади. Бироқ, кўрсатилган ҳолатлар хотиннинг ўзи никоҳдан ажратиш масаласини қўйишига тўсқинлик қилмайди.
Айрим ҳолатларда судга никоҳни бекор қилиш масаласида даъво ариза билан мурожаат қилган эр-хотинлар берилган муддатлар ва яраштириш чоралари натижасида ўзаро келишиб, оилани тиклашга қарор қилиб ярашиб кетганлиги натижасида суд мажлисига келмаслиги оқибатида даъво аризасини кўрмасдан қолдириш холатлари учраб келмоқда.
Хулоса қиладиган бўлсак, келгусида Биз ушбу йўналишдаги иш фаолиятимизни маҳаллий ҳокимият органлари, Хотин-қизлар қўмиталари, маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда олиб боришимиз муҳимдир. Наманган шаҳар, Наманган ва Мингбулоқ туман ҳокимликлари билан бу йўналиш бўйича ҳамкорлик иш режалари ишлаб чиқилиши лозим.
Зеро, бизнинг асосий мақсадимиз оилаларни мустаҳкамлаш ва барқарорлаштириш, уларда соғлом муҳитни шакллантириш, оилаларда вужудга келаётган низолар ва келишмовчиликларни тинч йўл билан ҳал этиш, жадал равишда ривожланаётган ижтимоий-иқтисодий шароитларда оила аъзоларининг манфаатларини қўриқлашга, вояга етмаган болалар ва меҳнатга лаёқатсиз оила аъзоларини ҳимоялашга қаратилгандир.
 
Мелиханова Маърифат Кадирхановна,
Наманган вилоят Фуқаролик ишлари бўйича
Наманган туманлараро суди судьяси

Биз Twitterда