Наврўзинг – янги кун, янги давронинг муборак, жонажон Ўзбекистоним!

Президентимиз томонидан “2020 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарор имзоланди. 
Ҳужжатда қайд этилишича, янгиланиш ва яшариш айёми жойларда умумхалқ сайиллари шаклида юқори савияда нишонланади. 
Байрам концепцияси ва дастури “Наврўзинг – янги кун, янги давронинг муборак, жонажон Ўзбекистоним!” деган бош ғояни ўзида мужассам этади. 
 
 
БУ ЙИЛГИ ТОМОШАЛАР УЗОҚ ВАҚТ ЁДИНГИЗДА ҚОЛАДИ
Албатта Наврўз сайиллари ва шодиёналарининг файзи кенг халқ оммаси билан! Шу боис “2020 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорда юртдошларимизнинг айёмда фаол иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган. 
Жумладан, байрам тадбирларида жойларда ҳунармандчилик кўргазмалари ташкил этилади. Китоб расталари, кўчма савдо дўконлари одамларга хизмат кўрсатади. Умумхалқ сайилларига маҳаллий фольклор гуруҳлари, бадиий ҳаваскорлик жамоалари кенг жалб этилади.
Қолаверса, томошаларда циркчилар чиқишларидан баҳраманд бўлишингиз мумкин. Бир томонда бахши-ю шоирлар, яна бир томонда таниқли ижрочилар ва истеъдодли эстрада артистлари ижодидан баҳраманд бўласиз.
 
ХОҲЛАСАНГИЗ ТАТИБ КЎРИНГ, ХОҲЛАСАНГИЗ ОЛИБ КЕТИНГ!
Одатда Наврўз сайилларини, айниқса, ёшлар интиқиб кутишади. Чунки ўйин-кулги, беллашув-у мусобақалардан ташқари, бу кунда энг тансиқ миллий таомларимиз пиширилади.
"Кўпнинг ризқи ширин бўлади", деган гап бор эл орасида. Дошқозонларда сумалаг-у кўк сомса, чучвара-ю ҳалим, қўлинг ўргилсин палов... Хуллас, жами тотли неъматлардан тўйиб-тўйиб тановул қилишингиз мумкин бу қувончли кунларда.
Давлатимиз раҳбарининг “2020 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида қайд этилишича, бу йилги Наврўзда кўкламнинг ана шундай тансиқ таомларидан татиб кўриш билан бирга, уйингизга ҳам олиб кетишингиз мумкин! 
Бунинг учун байрам сайиллари ўтказиладиган манзилларда баҳорий таомлар сотиладиган очиқ ошхоналар жойлаштирилар экан!

Биз Twitterда