Наманган вилояти тиббиёт соҳасида ҳам Республикада энг юқори кўрсаткичларни қайд этди

30 декабрь куни Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасида 2019 йил якунларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Солижон Мўминов билан ўтказилган мулоқотда республика ва маҳаллий ОАВ вакиллари иштирок этдилар. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
 
 
 “2019 йилда вилоят соғлиқни сақлаш тизимида ҳар йилгидан-да кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Тиббиёт муассасаларида 105 миллиард сўмлик қурилиш ишлари бажарилди. Бу республикамиздаги энг юқори кўрсаткичдир. 20 миллиард сўм эвазига вилоят руҳий касалликлар шифохонаси қайта таъмирланди. Республика шошилинч тез тиббий ёрдам маркази Наманган филиалида 43 миллиард сўмлик қайта реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Тез орада 31 миллиард сўм маблағ эвазига Наманган шаҳар 1-кичик туманда жойлашган шифохона ҳамда 2-туғруқ комплекси мукаммал таъмирдан чиқарилади. Наманганда янги ва замонавий болалар шифохонаси ва туғруқхона қуриляпти”, деб қайд этди Солижон Мўминов.
 
 
Бино ва иншоотларини қайта реконструкция қилиш ва жорий таъмирлаш баробарида уларни замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш масаласига ҳам устувор аҳамият қаратилаётганини айтиб ўтган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, “ Ўтган давр мобайнида 11 миллон АҚШ долларидан зиёд қийматда янги тиббий жиҳоз, асбоб-ускуналар олинган. Айни пайтда вилоят кардиология марказига қиймати 1,1 миллон АҚШ долларига тенг МСКТ (мультисперал компьютер томография), радиочастотали аблятор, вилоят эндокринология диспансерига 575 000 долларлик рақамли рентген аппарати, наркоз ва УТТ аппаратлари, лаборатория учун анализаторлар, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига 1,6 миллион долларлик МРТ, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига 62 000 долларлик, Косонсой юқумли касалликлар шифохонасига 252 000 долларлик биохимик, ИФА, ПЦР-анализаторлар, вилоят онкология диспансерига 1 миллион 200 минг долларлик гамматерапия ва 467 000 долларлик брахитерапия нур аппаратлари каби энг такомиллашган тиббий жиҳозлар келтирилиши бўйича иш олиб борилмоқда”, деб таъкидлади.
 
 
Бир сўз билан айтганда, тадбир давомида соҳадаги улкан ислоҳотлар халқимиз саломатлигини янада мустаҳкамлашга қаратилгани ва бу жараён келгусида ҳам изчил давом этиши, келгуси режалар қаторида туманларда гемодиализ марказларини очиш, вилоятимизда экстракорпорал уруғлантиришни (ЭКУ) йўлга қўйиш, ҳамда энг асосийси тиббиёт туризмини ҳамда тиббий хизматлар экспортини ривожлантириш тиббиёт соҳасидаги долзарб вазифалар қаторида экани таъкидланди.
Анжуман давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Биз Twitterда