Наманган вилояти саноат салоҳиятини ривожлантириш дастурининг амалга ошиши йўлидаги сунъий тўсиқлардан ким манфаатдор?

 
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ҳудудларни комплекс ривожлантириш, вилоятлар иқтисодиётини ҳар томонлама ўстириш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда, ҳукумат қарорлари ҳамда махсус давлат дастурлари ишлаб чиқилиб, уларни амалга ошириш учун давлатимиз томонидан катта имкониятлар эшиги очиб берилмоқда.
Наманган вилояти доирасида ҳам иқтисодиёт тараққиёти борада катта қадамлар ташланмоқда. Бугунги кунда дунё бозорига дадил кириб бораётган қатор маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни янада қўллаб-қувватлаш, вилоятга хорижий сармоя киритилишини янада ташвиқ этиш учун давлат ҳокимияти органлари, молия институтлари ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар томонидан юқори мақсадларни кўзлаган ҳолда доимий иш олиб борилмоқда. Қолаверса, Ўзбекистон Президенти ва ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган қарорлар асосида вилоят иқтисодиёти, айниқса саноати жадал ўсишига замин яратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 24 ноябрда қабул қилинган “2016-2019 йилларда Наманган вилояти саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги ПҚ-2439-сонли қарори ҳам бу борадаги йирик қадамлардан бири бўлиб, унга асосан 2016-2019 йилларда Наманган вилоятида умумий қиймати 5 миллиард 87,9 миллион АҚШ доллари бўлган 332 та лойиҳа амалга оширилиши, пировард натижада эса 17585 та янги иш ўрни яратилиши белгиланган эди. Бу лойиҳаларнинг 41 таси инвестицион лойиҳа бўлиб, шундан 16 тасида янгидан ишлаб чиқариш объектларини барпо этиш кўзда тутилган бўлса, 25 тасида мавжуд ишлаб чиқариш объектларини техник ва технологик жиҳатдан модернизация қилиниши режалаштирилган. Шунингдек, яна 270 та лойиҳа доирасида ишлаб чиқариш объектларини кенгайтириш ва янги иш ўринларини ташкил қилиниши белгиланган бўлса, 21 та лойиҳа ишлаб чиқариш ва муҳандислик-коммуникацион инфратузилмани ривожлантиришга қаратилган.
Ўтган давр мобайнида қарор ижроси юзасидан белгиланган режа асосида иш олиб борилиши натижасида лойиҳаларни амалга ошириш борасида анча ютуқларга эришилди, баъзиларига эса ўсиш томонига ўзгартишлар ҳам киритилди. Шу билан бирга, баъзи лойиҳаларни ўрганиш жараёнида қатор муаммолар мавжудлиги ва улар ҳозиргача ҳал қилинмай келаётган ҳам аниқланди.
Бу муаммоларни аслида муаммо ҳам дейиш қийин, қайсидир амалдорнинг ёки мутасадди ташкилот раҳбарининг Президент қарорида ўзи учун белгилаб берилган вазифани амалга ошириш борасида ҳаракатсизлиги, ёки атайин сунъий тўсиқларни барпо этаётгани холос. Аниқ сабаб ҳозирча бизга қоронғу. Лекин юзлаб янги иш ўрни яратмоқликка шай турган, миллионлаб доллар маблағини ишлаб чиқариш соҳасида инвестиция қилишга тайёр бўлган тадбиркорга, Ўзбекистон бозорига ўз сармоясини йўналтиришни истаётган хорижлик сармоядорга қандайдир субъектив сабабларни рўкач қилган ҳолда уларнинг қонуний ҳуқуқларини таъминлаб бермасликнинг сабабини изоҳлашни алоқадор мутасаддиларнинг ўзига қолдирсак.
Наманган шаҳрида жойлашган “IFTIHOR KIYIM SANOAT” МЧЖ (раҳбари – Анна Добрых) ПҚ-2439-сонли қарорнинг биринчи иловасига асосан, янгидан ишлаб чиқариш объектларини барпо этиш кўзда тутувчи, қиймати 24,6 миллион доллар бўлган джинси мато ва тайёр джинси маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси учун ер ажратиб беришни сўраб вилоят ҳокимиятига мурожаат қилган ҳамда ҳокимият томонидан маъқулланган. Бироқ мана бир йилдан ошиқ пайтдан бери, “Узшаҳарсозлик ЛИТИ” ДУК республика идораси хулосаси йўқлиги сабабли ер берилмаяпти ва натижада лойиҳа амалга ошмай келмоқда. Энг ачинарлиси, ўзининг бу ҳаракатсизлигини “Узшаҳарсозлик ЛИТИ” ҳеч қандай сабаб билан оқлашга ҳам уринмаяпти, хулоса йўқ, вассалом. Йиллик экспорти 2 миллион доллардан ошувчи бу корхона янги линияни йўлга қўйса, экспортнинг янада кўпайиши, 580 та янги иш ўрни яратилиши, 580 та хонадоннинг рўзғорига барака киришини, қолаверса, бу сўралган ер майдони шахсан Президент томонидан имзо чекилган қарор асосида эканини эътиборга олиш бу давлат унитар корхонасининг хаёлига ҳам келмаяпти.
Наманган шаҳрида жойлашган “PAHRITDIN GAZ SERVIS” хусусий корхонаси раҳбари Пахритдин Эргашев эса, 40 та иш ўрни яратиладиган, юк автомобилларини сиқилган газга ўтказиш учун газ редукторлари ва ускуналарини ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш учун ер сўраб шаҳар ҳокимиятига мурожаат қилавериб чарчаганини таъкидлади:
- Даставвал, шаҳар ҳудудида ер йўқлигини айтиб келишди, охири чарчашди шекилли мурожаатларимдан, ахлат свалкаси атрофида бир чуқурни кўрсатишди, “маъқул келса, шуни берамиз” деб. Яқин атрофда ҳеч қандай инфратузилмадан дарак ҳам йўқ жой, ҳокимиятдан ёш бир йигитча етаклаб борди кўрсатгани. Жаҳлим чиққанидан шаҳар ҳокими муовини Саидаҳмад Султановга телефон қилиб, бу ерда ишлаб чиқариш объекти қуриб бўлмайди, товуқхона қуринг ўзингизга, дейишга ҳам бордим. Сарсон-саргардонликнинг чеки йўқ, ҳаттоки 0% баланс билан қуриб битказилмаган бино бўлса ҳам майли, мослаштириб оламан, деб мурожаат қилдим. Не аломатки, бутун шаҳарда битта бундай бино ҳам топилмади. Ер бермайдиган бўлсанглар, давлат дастуридан чиқариб ташланглар, эртага дастурда белгиланган мажбуриятимни бажармаганим учун менга жавобгарлик керакмас, деб маълум қилдим...
Тадбиркорларга бундай муносабат Ўзбекистон ҳукуматининг тадбиркорликни ва кичик бизнесни ривожлантириш борасидаги сиёсатини йўққа чиқариш билан тенг. Наманган шаҳар ҳокимиятига дастур доирасидаги лойиҳасини амалга ошириш учун ер борасида мурожаат қилиб, натижага эришолмаганлар яна бир қанча. Шаҳарнинг Чаманзор даҳасида жойлашган “ABDURAHMON TEKSTIL SERVIS” МЧЖ раҳбари Акмалхон Убайдуллаев ҳам либослар ишлаб чиқарувчи корхонасини янада кенгайтириш мақсадида енг шимарганди. Ўз маблағлари ҳисобидан ўзига қарашли 4,32 сотихли ерда ишлаб чиқариш биносини деярли қуриб битказди, қўшимча ҳудуд сифатида дастурда белгиланган 17 сотихгина ер эса ҳали ҳам ажратиб берилгани йўқ. Лекин, ерни бугун ажратиб беришган тақдирда ҳам лойиҳани ўз вақтида амалга ошиши даргумонга ўхшайди. Сабаби, “Ипак йўли” АИТБ томонидан хорижий дастгоҳларни келтириш учун берилиши керак бўлган 300 минг АҚШ доллари миқдоридаги кредит ҳам ҳали ҳануз ажратиб берилгани йўқ. Лойиҳанинг бундай ҳолда бўлиши ва амалга ошмаётгани янги бино қурилиши учун айланма маблағларини харажат қилиб улгурган тадбиркорнинг ишлаб чиқариш жараёнига ҳам салбий таъсир кўрсатиши, янги иш ўрни яратиш ўрнига мавжуд иш ўринларини ҳам камайтирилишига олиб келади.
Дарҳақиқат, банк тизимининг ўз маъсулиятини ҳис этмаётгани ўзбек иқтисодиёти локомотивининг секинлашишига сабаб бўлмоқда. Бундай муаммо билан Давлат дастури лойиҳасида янги ишлаб чиқариш комплекси яратишни режалаштирган Наманган шаҳридаги “AISHA HOME TEXTILE” қўшма корхонаси ҳам тўқнаш келди. (бош ҳисобчи Икромжон Эргашев) Йиллик экспорт ҳажми 4 миллион АҚШ долларига яқин бўлган бу корхона, 240 та янги иш ўрни вужудга келтирувчи линияни ишга тушириш учун 8,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағни конвертация қила олмай, икки йилдир азият чекмоқда. Бу эса, лойиҳа доирасида киритилиши кўзда тутилган 3 миллион долларлик хориж сармоясини ҳам тўхтатиб туришга мажбур қилмоқда.
Бу каби оғриқли нуқталар “2016-2019 йилларда Наманган вилояти саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги ПҚ-2439-сонли қарорига киритилган лойиҳаларнинг яна бир нечтасида мавжуд. Кимдир ер масаласини ҳал этолмай югур-югурдан боши чиқмаётган бўлса, яна бир тадбиркор кредит маблағларини ололмай ҳалак, бошқа бири эса ускуна келтиришга маблағини конвертация қилолмай қийналмоқда.
Бугунги кунда ҳукуматимиз ва Президентимиз шахсан тадбиркорликка кенг йўл очиб бераётган, янги иш ўринлари яратаётганларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётган бир пайтда Наманган вилоятида ишлашга тайёр тадбиркорнинг йўлига бундай тўсиқлар қўйишдан ким манфаатдор? Мутасадди ташкилотлардан келтирилган масалалар юзасидан жавоб кутиб қоламиз.
Дилмурод Жумабоев,
Анвар Икромов

Биз Twitterда