Наманган вилояти делегацияси Свердловскка боради: Хайрулло Бозоров ва Евгений Куйвашев ўзаро ҳамкорлик борасида музокара ўтказишади

Россия Ўзбекистоннинг муҳим иқтисодий шерикларидан1 биридир. Икки давлат ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми муттасил ошиб, экспорт ва импорт салоҳияти кенгаймоқда. 2016 йил якунларига кўра, ўзаро савдо ҳажми 4,2 миллиард АҚШ долларидан ошди. Россия ва Ўзбекистон халқлари ўртасидаги мустаҳкам маданий-гуманитар алоқалар ва тарихий ришталар ўзаро ҳамкорликнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади.  Бундан ташқари, икки томонлама товар айирбошлашни жадаллаштириш ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, бу борада гап Ўзбекистонда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун "яшил йўлак" ташкил этиш ҳақида бормоқда ва бу Россия бозорида ушбу маҳсулотларга бўлган эҳтиёжни таъминлаш имконини беради. 
Жорий йилнинг февраль ойида Новосибирск вилояти губернатори Владимир Городецкий бошчилигида минтақавий мева-сабзавот маҳсулотлари импортчилари вакиллари Тошкентда ва Наманганда бўлишди. Март ойида эса Самарқанд ва Тошкент вилоятлари делегациялари Татаристон ва Санкт-Петербургга ташриф буюришди. 
Свердловск вилояти губернатори Евгений Куйвашев.
Айни кунларда Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги делегациянинг Свердловск вилоятига сафар қилиши кутилмоқда. Ташриф чоғида Наманган вилояти вакиллари Россиянинг ривожланган субъектларидан бири ҳисобланган Свердловскнинг иқтисодий имкониятлари билан танишадилар. Соҳавий ҳамкорлик келишувларини имзолайдилар. Ташриф чоғида Хайрулло Бозоровнинг вилоят губернатори Евгений Куйвашев билан учрашуви ўтказилади. Томонлар ўртасидаги манфаатли ҳамкорлик ҳар икки вилоят ишбилармон доиралари учун янги имкониятлар эшигини очажак.
vodiymedia

Биз Twitterда