Наманган тажрибаси: 115 та ёш оилага 30 сотихдан, жами 75 гектар ер ажратиб берилди

Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш устувор вазифа сифатида қаралаётган бугунги кундаги давлат сиёсатини амалга ошириш борасида Наманган вилоятида қилинаётган кенг кўламли ишлар доирасида Чуст туманида 115 нафар ёш ишсиз оилага 30 сотихдан ер ажратилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда. 
 
 
Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан тумандаги Навоий ММТП ҳудудидаги сувсизлик туфайли фойдаланишдан чиққан 76 гектар ер майдонида “Машҳад Сумбула” фермер хўжалиги негизида қишлоқ хўжалиги кооперацияси ташкил этилди. Фермер хўжалигига тақдим этилган 8 фоизли имтиёзли кредит ҳисобидан ер майдонини суғориш учун етарли сув билан таъминлаш қувватига эга артезиан қудуқлар қазилди.
 
 
Чуст туманида ишсиз бўлган ёш оилалар орасидан 115 нафари танлаб олиниб, уларнинг ҳар бирига 30 сотихдан ер майдони доимий фойдаланиш учун ажратилди. Ҳар бир ер эгасига давлат томонидан дастлабки экин экиш учун 2,5 миллион сўмдан қайтарилмайдиган моддий ёрдам ажратилди.
 
 
Келишувга кўра, барча майдонларга “Машҳад Сумбула” фермер хўжалиги билан келишган ҳолда бир турдаги экин экилади ҳамда етиштирилган ҳосил фермер хўжалиги томонидан бозор нархларида сотиб олинади.
 
 
3 февраль куни дастлабки 16 нафар оилага ер ажратиш тўғрисидаги сертификатлар топширилди. Қолган оилалар 5 февраль куни ўз ерларининг сертификатларини олишади.

Биз Twitterда