Наманган шаҳрининг "Дўстлик" шоҳ кўчасига Ислом Каримов номи берилди

Халқ депутатлари Наманган шаҳар Кенгашининг ўн олтинчи сессиясида “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 25 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом  Абдуғаниевич  Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги ПҚ-2744- сонли қарори ижросини таъминлаш масаласи муҳокама этилди.
 
 
Ушбу қарорни наманганликлар катта мамнуният билан кутиб олдилар. Айниқса, ушбу қарорда  Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги марказий кўчаларга Ислом Каримов номини бериш  ҳақидаги таклифни каттаю кичик  барча якдиллик билан қўллаб-қувватлади. Вилоят ва шаҳар ҳокимлиги раҳбарлигида ушбу таклиф атрофлича ўрганиб чиқилди. Жамоатчилик вакиллари, турли касб эгалари Наманган шаҳрининг “Дўстлик” шоҳ кўчасини Ислом Каримов номи билан аташ юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Депутатлардан Феруза Жалолова, Илҳом Отабоев, Қосим Тўрахонов, Авазхон Иномовлар  Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг буюк хизматларини эътироф этган ҳолда Наманган шаҳридаги “Дўстлик” шоҳ кўчасига Ислом Каримов номини бериш ҳақидаги таклифни қўллаб-қувватладилар.
Сессияда Наманган шаҳрининг “Дўстлик” шоҳ кўчасига Ислом Каримов номини бериш тўғрисида қарор қабул қилинди. Айни кунларда кўчанинг номини ўзгартириш билан боғлиқ бўлган барча ташкилий ишлар амалга оширилмоқда.
Комилжон ФАЙЗИЕВ

Биз Twitterда