Наманган шаҳрида Ўзбекистонда ўхшаши бўлмаган мусиқали ва ранг-баранг чироқли байрам арчаси очилди

Наманган шаҳридаги Бобур номли маданият ва истироҳат боғида Ўзбекистонда ўхшаши бўлмаган мусиқали ва ранг-баранг чироқли байрам арчаси очилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
 
 
Бир неча кун аввал Намангандаги “Афсоналар водийси” паркида очилган 39 метр юксакликдаги Ўзбекистондаги энг баланд арчадан кейин Бобур боғида очилган 28 метр баландликдаги вилоятнинг бош арчаси ҳам мусиқали ва ранг-баранг чироқли безаги билан “Ўзбекистондаги илк” сифатига эга бўлди.
Бош арчанинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этди ва наманган аҳлини Янги йил билан қутлаб сўз олди.
 
 
“Муҳтарам Юртбошимиз баҳорнинг илк кунида Наманганга қилган ташрифлари чоғида “2019 йил Наманган йили бўлсин” деб тилак билдиргандилар. Йил давомида бу номга лойиқ бўлиш учун барча наманганликлар бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилдик. Албатта, қилган меҳнатларимизга баҳони Муҳтарам Президентимиз ва халқимиз беришади. Бироқ бугун йил сарҳисобини қилганимизда, деярли барча соҳаларда республикамизда энг юқори кўрсаткичларга эришганимизни қайд этсак бўлади. Насиб қилса, келгуси йилда ҳам бу натижаларни янада мустаҳкамлаб, 2020 йилни Наманганнинг юксалиш йили бўлишини таъминлаймиз.” деди вилоят ҳокими ўз сўзида.
 
 
Хайрулло Бозоров йиғилганларни яқинлашаётган байрам билан қутлаб, “Мана шундай шукуҳли кунларда барчангизни ҳамда сизлар барча Наманган аҳлини кириб келаётган Янги йил байрами билан табриклайман. Барча ният ва мақсадларингиз 2020 йилда амалга ошишига тилакдошман. Яратган Эгамдан Янги йил юртимиз учун қут-барака йили бўлишини сўраймиз. Ўзбекистонимиз дунёда, Наманганимиз Ўзбекистонда энг олд сафда бўлсин!” деб тилак билдирди.
 

Биз Twitterда