Наманган масжидлари ибодатларни бошлашга тайёр

Республика махсус комиссияси қарорига мувофиқ жорий йил 8 июндан эътиборан Наманган вилоятидаги яшил ҳудудларда ҳам масжидлар ўз фаолиятини бошлайди. 
 
 
Вилоятдаги “яшил” ҳудудлар ҳисобланган  Мингбулоқ, Янгиқўрғон, Косонсой, Поп, Наманган, Чортоқ, Чуст ва  Учқўрғон туманларида жами 119 та масжид фаолияти тикланади. Наманган шаҳри, Тўрақўрғон, Уйчи туманлари “қизил”,  Норин тумани эса “сариқ” ҳудуд тоифасида бўлганлиги сабабли бу ерлардаги масжидлар очилишига ҳозирча рухсат берилгани йўқ. 
7 июнь куни Янгиқўрғон туманидаги "Бешбулоқ" жомеъ масжидида карантин шароитида масжидлар фаолиятини юритишга оид тадбир бўлиб ўтди. Унда вилоят бош имом-хатиби Абдулҳай Турсунов тумандаги жомеъ масжидлари вакилларига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимовнинг бу борадаги буйруғи тафсилотларини етказди.  
 
 
Мазкур ҳужжатга кўра, масжидларда кунлик 5 вақт фарз намозлари ижтимоий масофаланиш сақланган,фуқаролар орасидаги масофа 1,5-2 метр этиб белгиланган ҳолда (махсус чизиқлар ёрдамида катакларга ажратилган ҳолда) адо этилишига рухсат берилади. Масжидларга кириш ва чиқиш жойларида одамлар тўпланиши, савдо-сотиқ билан шуғулланиш, ҳадя ва совғалар тарқатилиши ман этилади. 
 
 
Масжидлар дезинфекцияловчи қурилмалар билан таъминланади. Намозхонлар ушбу қурилмадан ўтганидан сўнг ҳарорати ўлчанади. Ҳарорати 37 даражадан юқори бўлган ва тиббий ниқоб тақмаган шахслар масжидга қўйилмайди. Бу талабларнинг бажарилишини тиббиёт ва СЭОМ ходимлари томонидан назорат қилинади. 
Янгиқўрғонда бўлиб ўтган тадбир давомида ушбу талаблар имом-хатибларга кўргазмали воситалар ёрдамида тушунтирилди. Миллий удумларга мувофиқ қўй сўйилиб, дуо-фотиҳа қилиниб, масжидлар фаолияти доимий бўлишига тилак қилинди. 
 
 
Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Жамолиддин Алойдинов иштирок этди.

Биз Twitterда