Наманганлик 11 нафар ўқувчи Республика олимпиадасида ғолиб чиқиб, муддатидан аввал талабаликка қабул қилинди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 майдаги ПҚ-4306-сонли қарорида умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида қўшимча республика ва халқаро, шу жумладан нодавлат фан олимпиадаларини ташкил этиш юзасидан берилган вазифалар бажарилишини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 24-29 февраль кунлари Андижонда Ўзбекистон - Шарда университети билан ҳамкорликда “Талабаликка бир қадам” очиқ олимпиадаси ўтказилди.
 
 
Ушбу олимпиадада Республикамиздаги умумтаълим мактабларининг 2500 дан зиёд 9-, 11-синф ўқувчилари беллашдилар.
Олимпиадада математика, физика, кимё ва биология фанларидан жами 50 та онлайн тартибда (40 та савол фан йўналиши ва 10 та савол инглиз тили фанидан) саволлар учун 75 дақиқа вақт берилди ва 100 баллик тизимда баҳоланди.
Олимпиада учун тест топшириқлари Халқ таълими вазирлигининг Фан олимпиадалари бўйича иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш департаменти ҳамда Ўзбекистон - Шарда университети билан ҳамкорликда тузилди.
Қувонарлиси, 350 нафар олимпиадада қатнашган Наманган вилояти иштирокчиларининг 11 нафари фахрли ўринларни эгалладилар. Наманган шаҳридаги 1-ДИМИ 10-синф ўқувчиси Самандар Умматалиев биология фанидан 1- ўринни, Чортоқ туманидаги 5-ДИМИ 9-синф ўқувчиси Жасурбек Жамолдинов физика фанидан 1-ўринни, Поп туманидаги 16-ДИМИ 9-синф ўқувчиси Махлиё Исақова биология фанидан 2-ўринни, Наманган шаҳридаги 1-ДИМИ 9-синф ўқувчиси Исохон Камолханов кимё фанидан 2-ўринни, Тўрақўрғон туманидаги 17-ДИМИ 10-синф ўқувчиси Самандар Қудратуллаев физика фанидан 2-ўринни, Наманган шаҳридаги 1-ДИМИ 9-синф ўқувчиси Рухшона Зокиржанова математика фанидан 2-ўринни, Поп туманидаги 10-ДИУЎТМ 9-синф ўқувчиси Камола Турғунова биология фанидан 3-ўринни, Поп туманидаги 11-ДИМИ 9-синф ўқувчиси Озодхўжа Марипханов кимё фанидан 3-ўринни, Учқўрғон туманидаги 5-умумий ўрта таълим мактаби 10- синф ўқувчиси Дилмурод Мўминов математика фанидан 3-ўринни, Уйчи туманидаги 10-умумий ўрта таълим мактаби 10-синф ўқувчиси Жавлонбек Тўлқинбаев кимё фанидан 3-ўринни, Поп туманидаги 10- умумий ўрта таълим мактаби 11-синф ўқувчиси Навруза Хидоятова биология фанидан 3-ўринларни қўлга киритдилар.
Наманган вилояти вакиллари умумжамоа ҳисобида республика бўйича 2-ўринни эгалладилар ҳамда ташкилотчилар томонидан талабалик сертификати, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
1-ўринни олган талабалар Шарда университетига гранд асосида қабул қилинади. 2-ўрин эгаларига Шарда университетига 50 фоиз, 3-ўрин эгаллаган ўқувчиларга 30 фоиз контракт тўловга имтиёз берилади. Сертификатлар 3 йилгача ўз кучини сақлаб қолади.

Биз Twitterда