Наманганда йигитлар муддатли ҳарбий хизматга кузатилди

Наманганда йигитларнинг дастлабки гуруҳи муддатли ҳарбий хизматга кузатилди. Тадбирда сўзга чиққан Шарқий ҳарбий округ қўшинлар қўмондони ўринбосари, полковник С.Бойбобоев, Наманган вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари А.Камолов ва бошқалар томонидан мамлакатимиз Қуролли Кучлари салоҳиятини ошириш борасида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар ҳақида сўз юритилди.
 

– Президентимизнинг 2020 йил 6 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ҳарбий хизматга чақириш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, бу йил чақирилувчиларни ҳарбий хизматга чақириш жараёни янгича тизимда ташкил этилмоқда, – дейди Наманган вилояти мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғи, подполковник Э.Ҳожиаҳмедов. – 2019 йил 10 августдан бошланган жараёнда чақирилувчилар ўртасида танлов ўтказилиб, уларнинг умумжисмоний тайёргарлиги аниқланди. Бундан ташқари, касбий танлов бўйича синовлар ҳамда якка тартибда суҳбатлар ўтказилди. Улар орасидан саралаб олинган йигитлар туман, шаҳар бутлаш комиссияларида тегишли тиббий кўрикдан ўтказилгач, вилоят ҳарбий-тиббий комиссияси хулосаси асосида ҳарбий хизматга жўнатилмоқда. Бутлаш комиссияси, ҳарбий-тиббий комиссия ҳамда ҳудудий тиббий комиссия қарори ва хулосасидан норози бўлган чақирилувчилар ва уларнинг ота-оналари томонидан Раҳбарият кенгашига, шунингдек, белгиланган тартибда судга шикоят қилиниши мумкин.
 

Шунингдек, маросимда аскарлар ҳамда уларнинг ота-оналарига, жамоатчилик вакилларига ҳарбий хизматчилар учун яратилган шароитлар ҳақида маълумот берилди.
– Ўғлимнинг кўплаб тенгдошлари орасида жиддий синовлардан ўтиб, аскарликка лойиқ топилгани она сифатида мен учун катта бахт, – дейди аскар Б.Раҳимовнинг онаси М.Зиямова. – Бу ўғлимнинггина эмас, бутун оиламизнинг ҳам шаънидир. Ўғлим ҳарбий хизмат давомида ҳам шунга муносиб бўлишига ишонаман.
 

Ҳарбий хизматга йўл олаётган йигитларга вилоят мудофаа ишлари бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши томонидан эсдалик совғалари топширилди.

Биз Twitterда