Наманганда Япония таълими тажрибасининг илғор жиҳатлари амалиётда қўлланилмоқда

Ўзбекистон Президенти раислигида 2019 йилнинг 23 август куни халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида ёшларга билим беришда чет элдаги илғор тажрибалардан фойдаланиш масаласини алоҳида таъкидлаб ўтилган эди.
 
 
Ана шундай ташаббуслар ҳамда янги давр одимлари натижасида юртимиз таълим соҳаси ҳам жаҳон амалиётидаги замонавий ва илғор жиҳатлар билан уйғунлик касб этиб бормоқда. Хусусан, ислоҳотларга ҳамоҳанг Наманган вилояти халқ таълими бошқармаси томонидан Япония билан таълим-тажриба алмашув жараёнлари йўлга қўйилиб, ўтган йил якунида вилоятимиз халқ таълими тизими вакиллари, устоз-муаллимлардан иборат делегация кунчиқар диёрда бўлиб, Япония таълим тизимидаги илғор тажрибаларни ўрганиб қайтишган эди. Японияга ташриф вакилларимизга энг нуфузли олий ва умумтаълим даргоҳларида бўлиб, улар ҳаёти ва фаолияти, таълимни ташкил этиш усул ва услублари билан яқиндан танишиш имконини яратган эди.
Делегациямиз аъзолари, хусусан, Токио профектурасидаги 5 та обьектда бўлишган эди. Токионинг Накано ҳудудидаги “Nakano City, Kamisaki Kindergarten” мактабгача таълим ташкилоти, Накано ҳудудидаги “Kita – Nakano Junior High School” ўрта мактаби, “Nakano Musashidai” бошланғич мактаби, Сугинами ҳудудидаги “Suginami Junior High School” давлат аралаш мактаби ҳамда “Shin - Kyokushinkai” хусусий каратэ мактабидаги амалий жараёнлар вакилларимизда қизғин таассуротлар қолдирган, айни пайтда турли даражадаги учрашув-мулоқотлар ҳам самарали ўтган эди.
Мазкур ташриф бугун амалиётда ўз самарасини бермоқда.
Наманган вилоят ҳокимининг 2020 йил 13 февралдаги 33-ф сонли фармойишига асосан вилоятдаги умумтаълим мактабларида Япония тажрибасини амалиётда қўллаш йўлидаги илк қадамлар қўйилди. Наманган шаҳридаги 82-умумтаълим мактабида Япония таълим тажрибасини оммалаштиришга бағишланган семинар бўлиб ўтди. Наманган шаҳридаги барча умумтаълим мактаби директорлари, туман ва шаҳар халқ таълими бўлими мудирлари шунингдек, кунчиқар мамлакатда бўлган вилоят делегацияси вакиллари иштирок этган семинарда умумтаълим мактабида Япония тажрибасининг ўзига хос жиҳатларини амалиётда қўллаш, илғор усул ва ёндашувлар асосида тақдимотлар намойиш этилди.
 
 
Ўзбекистон ва Япония мактаблари таълим соҳасидаги ҳамкорлик алоқалари ҳақида сўзловчи кўргазмалар, ташкил этилган очиқ дарслар ва семинар машғулотлар, шунингдек, синф хоналаридаги кўчма доскалар, мактабда телефондан оқилона фойдаланиш, бу борада синф хоналарда телефон сақлаш қутиларини ташкил этиш, кунлик жадвал асосида ўқувчиларнинг синф хоналарини озода тутиш кўникмаларини шакллантириш, одоб-аҳлоқ, меҳнат, ҳар куни дарсдан сўнг 30 дақиқа тарбиявий соат ўтиш масалалари йиғилганларнинг эътиборини қозонди.
Илғор усуллар, анъаналар ва истиқбол жараёнларига ҳамоҳанг тадбирда мамлакатимиз таълим соҳасидаги тараққиёт одимлари, таълим сифати ва самарадорликка ҳамоҳанг болаларни соғлом овқатлантириш, соғлом турмуш-тарзи, маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш, 30 тадан китоб ўқиган ўқувчиларни танлаб олиб, мактаб ўқувчилари ўртасида китобхонлик ва китоб мутолаасига тарғиб қилиш ҳам ўз ифодасини топди.

Биз Twitterда