Наманганда ҳарбийлар учун замонавий турар-жой ва ошхона фойдаланишга топширилди

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 28 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни арафасида Поп туманидаги “Ғурумсарой” гарнизонида катта байрам тадбири бўлиб ўтди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда. 
 
 
Дастлаб, Мудофаа вазирлиги тизимидаги “Ғурумсарой” гарнизони N-сонли ҳарбий қисми ҳарбий хизматчилари учун 32 оилага мўлжалланган тўрт қаватли турар-жой фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан байрамона тарзда ташкил этилган шодиёнада ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, яқинлари, вилоят ва туман жамоатчилиги вакиллари иштирок этди.
Тадбирда Наманган вилояти ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Хайрулло Бозоров, Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, полковник Лутфулло Бузруков сўзга чиқди.
 
 
Мамлакат раҳбарияти аскар ва офицерларнинг жанговар шайлигини оширишга, яшаш ва дам олиш шароитини яхшилашга, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратаётгани, муҳтарам Президентимизнинг 2017 йил 30 мартда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари учун уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим аҳамият касб этаётгани тадбирда алоҳида таъкидланди. 
 
 
Шундан сўнг, ҳарбий қисмда янги қурилган 500 ўринли ошхонанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. 5,1 млрд сўм маблағ эвазига замонавий услубда барпо этилган ушбу ошхонада аутсорсинг тизимига йўлга қўйилган бўлиб, бу муддатли ва сафарбарлик чақирув резерви ҳарбий хизматчиларнинг ўз эътиборларининг фақат жанговар шайликка қаратишлари учун имконият яратиб беради.

Биз Twitterда