Наманганда 134 та корхона маҳсулоти – юқори халқаро стандартларда!

Article
Наманган вилоят ҳокимлигида «Вилоят корхоналарида «ИСО-9001» халқаро стандартлари асосида сифат менежменти тизимлари жорий этишнинг аҳамияти» мавзуидаги семинар-тренинг бўлиб ўтди деб хабар беради Наманган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.
Вилоятда фаолият юритаётган корхоналар раҳбар-мутахассислари иштирок этган тадбирни вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Акмалхон Ортиқов олиб борди.
Семинар-тренингда Наманган стандартлаштириш ва метрология бошқармаси бошлиғи А.Убайдуллаев вилоят корхоналарида «ИСО-9001» халқаро стандарти бўйича стандартлаштиришда ҳозиргача амалга оширилган ишлар, келгусидаги вазифаларга батафсил тўхталди. Унинг эътироф этишича, ҳозирда 134 та корхона халқаро стандарт асосида сифат тизимларини жорий этиб, юқори натижаларга эришмоқда. Жумладан, «Нестле-Ўзбекистон», «Уз-Часис», «Cоcа-Cола ичимлиги» каби йирик қўшма корхоналарда халқаро даражада сифат тизимлари бир неча йиллардан бери йўлга қўйилган ва иқтисодий жиҳатдан ушбу корхоналар салоҳияти кўпчиликка маълум. Хусусий секторда «Истиқлол дизайн», «Ифтихор кийим саноат», «Махсус метал саноат», «Мехмаш» сингари кичик бизнес субъектларида тизимнинг жорий этилиши ана шу корхоналарга хорижга чиқиш учун кенг йўл очиб берди.
Семинар-тренингда 2017 йилда маҳсулот экспорт қилувчи корхоналарда халқаро даражада сифат менежменти тизимларини жорий этиш ва сертификатлаштириш ҳолати, сертификатлаштириш идоралари томонидан халқаро даражада сертификатлаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар атрофлича муҳокама қилинди. Республикада маҳсулот экспорт қилувчи корхоналарнинг халқаро бозордаги рақобатбардошлигини ошириш мақсадида сифат менежмент тизимларини жорий этишга, шу жумладан, тизимни халқаро даражада сертификатлаштириш зарурлиги алоҳида айтиб ўтилди.

Биз Twitterда