Наманганда 200 га яқин эҳтиёжманд оилага уй-жойлар топширилди

25 декабрь куни, Наманган шаҳридаги “Шодиёна” мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналарига мурожаат этаётган фуқароларнинг манфаатларини ҳимоялаш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида вилоятнинг шаҳар ва туманларида истиқомат қилувчи ногирон, меҳнатга лаёқатсиз, уй-жойга муҳтож фуқароларга уй-жойларни тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
 
 
Тадбирни очиб берган вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Ирода Қўчқарова жамиятимизда, ён-атрофимизда ногирон, меҳнатга лаёқатлилик даражаси чекланган одамлар ҳам борлиги, улар орасида уй-жойга эҳтиёжи бўлганларнинг муаммоларини амалий ҳал этиш муҳим вазифа эканлигини таъкидлаб ўтди.
“Бир неча йилдирки, мамлакатимизда намунавий уй лойиҳаси асосида турар-жойлар бунёд этилмоқда. Бунинг натижаси минглаб эҳтиёжмандлар ўз яшаш жойларига эга бўлдилар.
Ўтган икки йил давомида вилоят бўйича уй-жойга муҳтож, жисмоний имконияти чекланган 343 нафар фуқароларга арзон нархлардаги уй жойлар топширилди. Бугун биз, 198 нафар ҳамюртларимизга уй-жойлар топшириш маросимида иштирок этиб турибмиз. Уларга давлатимиз томонидан бошланғич тўловлар тўлаб берилди”, деди Ирода Қўчқарова.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнини янада жадаллаштириш, одамларнинг эзгу орзу-мақсадлари юзага чиқишига яқиндан кўмаклашиш, жамият ҳаётининг барча жабҳаларида туб ижобий ўзгаришларни амалга оширишга оид кенг кўламли ташаббуслар халқимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Кучли ижтимоий ҳимоя, кам таъминланган оилалар ва ногиронларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидандир.

Биз Twitterда