Мирзиёев қишлоқ шифокорлари билан суҳбатлашди

Article
Давлат раҳбари ташриф давомида оддий одамлар билан учрашди, оилаларга кириб, уларнинг турмуш шароитлари билан яқиндан танишди. Халқ билан самимий мулоқотлар бўлиб ўтди. Шавкат Мирзиёев Хўжайли тумани марказий шифохонасига, «Мурувват» аёллар интернатига ташриф буюрди, тумандаги 69-мактаб ўқитувчилари билан суҳбатлашди, Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Шавкат Мирзиёев Агросаноат маркази қурилаётган участкага ҳам ташриф буюрди. 2017-2018 йилларда ишга туширилиши мўлжалланаётган ушбу мажмуа 11 гектар майдонни эгаллайди. Бу ерда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, қайта ишлаш, қадоқлаш бинолари, шунингдек, терминал, юк тушириш ва ортиш майдони, музхоналар, иссиқхоналар, божхона, ангар, меҳмонхона, овқатланиш муассасаси, спорт мажмуаси каби иншоотлар барпо этилади.
Шу ернинг ўзида Хўжайлида турар-жой инфратузилмасини ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Давлат раҳбари одамлар бошланган ўзгаришларни ўз ҳаётида ҳис қилиши учун жорий йил якунигача 40 кўп қаватли турар-жой биноси барпо этиш ва фойдаланишга топшириш тўғрисида кўрсатма берди.
Шавкат Мирзиёев «Қорақалпоғистон» қишлоқ врачлик пунктида ҳам бўлди. Шифокорлар билан суҳбат асносида аҳолининг давлат идораларига ишончини мустаҳкамлашда тиббиёт муассасалари ходимларининг фаолияти алоҳида ўрин тутиши таъкидланди. Қишлоқ врачлик пунктларини замонавий тиббий жиҳозлар билан бир қаторда дори-дармон ва бошқа зарур ашёлар билан таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Президент Шуманай тумани Жумабой Бозоров номидаги болалар мусиқа ва санъат мактабига ташриф буюрди. 211 ўқувчи таълим олаётган бу даргоҳда миллий мусиқа асбоблари, фортепьяно, хореография, тасвирий санъат каби ўндан зиёд йўналишда дарс ўтилади. Муассаса очилганига атиги бир неча йил бўлганига қарамай, унинг ўқувчилари қатор танловларда, хусусан, 2 марта мамлакат миқёсида ўтказилган кўрикда биринчи ўринни эгаллашга муваффақ бўлди.
Шавкат Мирзиёев «Агросервис МТП» масъулияти чекланган жамиятининг Қанликўл тумани филиалида ҳам бўлиб, баҳорги дала ишларига пухта тайёргарлик кўриш ҳақида фикрлашди. Туманда пахта майдонини босқичма-босқич қисқартириб, чорвачиликни ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берди.
Қанликўл педагогика коллежида бўлган мулоқотда Президент коллеж мутахассисликларини замон талабига мос равишда ўзгартириш, туман иқтисодий-ижтимоий ҳаёти учун зарур кадрлар тайёрлаш кераклигини таъкидлади. Илмий, бадиий адабиётларни қорақалпоқ тилига ўгириш, чоп этиш ва таълим масканларига етказиб бериш бўйича тавсиялар берди.
Давлат раҳбари Қўнғирот – Мўйноқ ичимлик суви тармоғи қурилиши бошланиши билан танишди. 101 километрлик ушбу сув тармоғи ишга туширилгач, бир кеча-кундузда 7 минг куб метр сув узатиш ва 25 мингдан зиёд аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш имконияти яратилади.

Биз Twitterда