Мингбулоқ тумани ҳокими жаримага тортилди

Мингбулоқ тумани ҳокими Нуршод Худойбердиев фермер хўжаликлари раҳбарларини кузги-қишки агротехник тадбирлар йиғилиши чоғида ножўя сўзлар билан ҳақорат қилгани учун Наманган вилояти маъмурий суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 41-моддасида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилди. Суд Нуршод Худойбердиевга давлат фойдасига ундириш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баробари, яъни 4 миллион 460 минг сўм жарима жазоси тайинлади.  Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
 
 
Мингбулоқ тумани ҳокими 10 январь куни бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида берган кўрсатмасида ўз айбига иқрорлигини билдириб, ҳақоратли сўзлар умумий маънода иш самарадорлигини ошириш учун билдирилгани, ушбу ножўя ҳаракатлари 3 январь куни туман ҳокимлигининг мажлислар залида ўтказилган вилоят ҳокими иштирокидаги йиғилишда муҳокама қилиниб, унга жиддий огоҳлантириш берилгани, келгуси иш фаолиятида муомала маданиятига қатъий риоя қилишини баён қилди.
Суд Нуршод Худойбердиевга жазо тайинлашда унинг айбига иқрорлигини ва қилмишидан пушаймонлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб, қилмишини оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд эмас деб ҳисоблаб ҳамда содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳаракатининг хусусиятини ап жазони енгиллаштирувчи ҳолатларини ҳисобга олиб, унга нисбатан қонун санкциясида назарда тутилган жарима жазоси тайинлашни лозим топди.

Биз Twitterда