Малакали кадрларга эътибор: 2020 йилда хорижда ўқиётган 10 нафар наманганлик талабага шартнома пуллари тўлаб берилади

6 январь куни ёшлар билан учрашган Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров 2020 йилдан бошлаб ҳаётга тадбиқ этиладиган ёшлар масалаларига оид янги дастурни эълон қилгани ҳақида хабар бергандик.
Дастурга биноан, Наманган вилоятда талаб юқори бўлган ва мутахассислар етишмаётган йўналишлар бўйича Республика олийгоҳларида таълим олаётган 100 нафар талабанинг контракти маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ҳамда чет элда аниқ фанлар йўналишида ўқиётган 10 нафар иқтидорли талабанинг контрактлари ҳокимлик захирасидан тўлаб берилади. Бундай имтиёз тақдим этилган ёшлар билан ўқишни тамомлагач, ўз соҳасида 5 йил вилоят ҳудудида ишлаб бериш юзасидан шартнома имзоланади.
 
 
Ёшларнинг малакали касб эгаллашлари учун Ҳиндистон, Жанубий Корея, Япония давлатлари билан ҳамкорликда касб-ҳунар ва замонавий тил ўргатиш марказларини ташкил этилади.
Вилоятда салоҳиятли ҳамда замонавий билимларга эга кадрларни кўпайтириш ҳамда хорижий мутахассисларни замонавий корхоналарга катта маош эвазига жалб этишни камайтириш мақсадида йирик саноат корхоналари ва тадбиркорлик субъектлари ўзлари учун керакли йўналишларда 1 нафардан ёшларни аниқ фанлар йўналишида ўқитиш учун ўз маблағлари ҳисобидан чет элга юборишлари бўйича келишув имзоланади.
Вилоятдаги корхоналар, ташкилотлар, йирик ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатувчи субъектларда умумий миқдори 1000 тадан иборат вилоят ҳокими квотаси иш ўринларини яратилади.
Чет элда ўқиб, ишлаётган наманганлик ёшлар иштирокида “Хориждаги наманганликлар” клуби ташкил этилади. Бунда ижтимоий тармоқда жуда оммалашган “Наманганликлар” канали қошида махсус бўлим ташкил этилади.

Биз Twitterда