Kun.uz: Юзлаб фабрика ва цехлар тақдири: Наманганда енгил саноат инқирозга юз бурдими?

АҚШда ўтказилган сўнгги президентлик сайловидан кейин кўпчиликни бир савол ўйлантирди: Дональд Трамп вазифасини эплай оладими? Бир йилдан ошиқ муддат ўтгач, тўпланган илк хулосалар билан шуни айтиши мумкинки, Трамп барча кутгани каби анойи бўлиб чиқмади. Унинг бошқарувида АҚШдаги ишсизлик суръати охирги 10 йил ичидаги энг яхши кўрсаткични забт этди.
 

 
Нега масалага океан ортидаги вазиятдан йўл очиб келмоқдаман? Сабаби шундаки, бугун жаҳон ҳамжамияти олдида турган азалий масалалардан бири - ишсизлик ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб қолди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миризиёев ҳам мана шу масалага эътибор қаратганда, ишчи ўрни яратган тадбиркорни «бошимда кўтариб юраман» дея қадрлайди.
Давлат раҳбари шу қатори миллий иқтисодиётни янада ривожлантириш мақсадида сўзлашувда «маҳаллийлаштириш» имтиёзлари дея юритилган бир қанча преференцияларни бекор қилиб, имтиёзларни бошқа кўринишга ўтказди. Масалан, енгил саноат ва тўқимачилик соҳасида «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси ташкил этилган бўлиб, унга аъзо бўлган хўжалик субъектлари (ёки тадбиркорлар) бож тўловларидан озод этилган кўринишда хом-ашё маҳсулотларини импорт қилиши мумкин.
 
 
Амалиётнинг қувончли жиҳати шундаки, «маҳаллийлаштириш» дастурида назарда тутилган шароитлар деярли сақланиб қолди. Соддароқ қилиб айтганда, миллий маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ривожлантириш мақсадида тадбиркорлар хом-ашё импортида солиқ ва бож тўловларидан озод этилганди. Оқибатда, маҳсулот нархи пасайди, четдан трикотаж, енгил саноат маҳсулотлари импорт бўлиши камайди. Бунинг устига маҳаллий тадбиркорлар хориж бозорларини эгаллашни бошлади, эвазига Ўзбекистонда валюта кириб келади.
 
 
Эндиликда президент фармойиши билан тадбиркорларга тақдим этилган алоҳида имтиёзлар бошқа тартибда берилиши кўзланмоқда. Бунинг ёқимсиз жиҳати ҳам бор: имтиёздан фойдаланиш барча учун чекланган. Яъни муайян миқдордаги хом-ашёни олиб киришингиз билан жорий этилган чеклов тугайди. Ундан ортиқ хом-ашё учун давлат божи ундирилади. Агар сезган бўлсангиз, чеклов миқдори мантиқсиз равишда кичик рақамларда ифода этилган. Масалан, 2017 йилда Наманган вилоятининг ўзида «евро» мато (ТИФТН 5512199000) 11 млн м2 ҳажмда импорт қилинган. Бу кўрсаткич 2018 йил учун 200 минг м2 ҳажмда бўлиши режалаштирилган ва бу бутун Ўзбекистондаги тадбиркорлар учун!
 
 
Импорт пасайтирилиб, экспорт кучайгани яхши-ку, дейишингиз мумкин. Аммо, бозор иқтисодиёти бошқа рақамлардан сўйлайди: 2017 йилда Наманган вилоятида 309 та корхонага 68,3 млрд сўмлик божхона имтиёзлари берилган бўлиб, ушбу имтиёздан фойдаланган 79 та саноат корхонаси томонидан 46,6 млн АҚШ долларига тенг тайёр маҳсулотлар экспорт қилинган. Демак, хом-ашё импорт қилишда тақдим этилган имтиёздан унумли фойдаланган тадбиркорлар ушбу суммадан 45 баравар кўп валютани Ўзбекистонга олиб кирди. Ички бозорга йўналтирилган барча товарларни ҳисобга олсак, Наманган вилоятининг ўзида фаолият олиб бораётган тикувчи ишбилармонлар 100 млн АҚШ долларидан кўп маблағни мамлакатда олиб қолган.
 
 
Энди нима бўлади? Чеклов ўрнатилган имтиёзга эга бўлиш учун ишбилармонлар «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасига аъзо бўлиши, қоғозбозлик, навбатларда кутиши лозим. Энг ачинарлиси, давлатнинг иқтисодиётдаги роли камайиши ўрнига у ортмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг тан нархи ошиши, маҳсулотлар хориж бозорида рақобатбардош бўла олмаслиги мумкин. Бевосита ички бозорга кириб келишга шай Хитой ёки Туркия енгил саноат намуналари ҳам иқтисодиётда туб бурилиш ясайди.
Нега хом-ашёни четдан олиб киришимиз керак? Ҳақли саволга наманганлик тадбиркор Абдулҳамид Мўминов қуйидагича жавоб берди:
 
 
«​Энг катта масала хом-ашёнинг сифатида, яъни костюм ва шим тикиш учун зарур бўлган мато ҳар томонлама мукаммал бўлиши лозим. Бундан талабларга жавоб берувчи маҳсулотларни дунёнинг саноқли давлатларидан топиш мумкин. Бунга таъсир қилувчи омиллар иккита: юқори технологик ишлаб чиқариш дастгоҳлари жуда қиммат туради ва матони ишлаб чиқариш техникасини ҳар ким эплай олмайди»​
 
 
Масаланинг жиддий томони шундаки, биз кучли кадрларга бўлган эҳтиёжимиз ҳеч қачон тўлмаган. Аслида иқтисодиётга таъсир ўтказишни кадрлар тайёрлаш бўғинидан бошлаш мақсадга мувофиқ бўларди. 
 
 
Мавзунинг бошида бежиз ишсизлик масаласига мурожаат этмадим: маҳаллий ишлаб чиқаришнинг тўхташи автоматик тарзда иш ўринларидан айрилишимизни англатади. Менимча «​Ақтўбе фожиаси»​нинг юз бериши учун замин яратган асосий муаммо ҳам ишсизлик эди. Наманган вилоятида айни пайтда 485та МЧЖ ва ҚК шаклидаги тикув фабрика, цехлари мавжуд. Аммо, тез орада уларнинг сони камайиши, айни пайтда меҳнат таътилига чиқарилган 15 минг ишчи ўз ўрнига қайтмаслиги мумкин.
Умид қиламизки, юзага келган тушунмовчилик юқори доирада ижобий ҳал этилади. Биз воқеалар ривожини кузатиб борамиз. ​
 
 

Биз Twitterда