Косонсой туман кенгашининг сессияси бўлиб ўтди

17 декабрь куни Халқ депутатлари Косонсой туман кенгашининг 58-сессияси бўлиб ўтди. Унда маҳаллий Кенгаш депутатлари, туман ҳокими ўринбосарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, корхона ва ташкилот мутасаддилари ва раҳбарлари иштирок этишди.
 
 
Сессия ишини бошқариб борган туман ҳокими Баҳодир Юсупов дастлаб, сессия муҳокамасига киритилган “Туманнинг 2020 йилга мўлжалланган бюджети тўғрисида”ги қарори лойиҳаси хусусида тўхталди.
– Хабарларингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан “2020 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни маъқулланди ва Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонларидан 9 декабрь куни қабул қилинди, – деди туман ҳокими ўз сўзида. – Таъкидлаш керакки, Давлат бюджети, биринчи марта Қонун шаклида тақдим этилди. Қонун моҳиятидан келиб чиқиб, маҳаллий Халқ депутатлари Кенгашларига бир қатор ваколатлар берилди. Ҳар бир вилоят, шаҳар ва туман Халқ депутатлари Кенгашлари 2020 йил бюджетини эркин ва мустақил равишда тасдиқлаб, йил давомида ижросини таъминлашда парламент назоратини ўрнатади.
 
 
Кун тартибидаги биринчи масала юзасидан туман молия бўлими мудири Элмурод Тошпўлатов ҳамда давлат солиқ инспексияси бошлиғи Акрамхон Нажмиддиновлар ахборот берди.
Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Косонсой туманидаги халқ қабулхонаси мудири Тоҳирахон Муйдинова 2019 йил давомида фуқаролардан келиб чиққан мурожаатлар ва уларнинг ҳал этилиши ҳақида маълумот берди ва бу борада ишларни 2020 йилда ҳам изчил давом эттирилишини айтиб ўтди.
Шундан сўнг сессия кун тартибидаги иккинчи масала – Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 январдаги “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 4102-сонли қарорининг тумандаги ижроси юзасидан сектор раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.
Кейинги масала - Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 октябрдаги 5199-сонли Фармонининг ижроси ҳамда туман Фермерлар Кенгашининг фаолияти ва кўп тармоқли фермер хўжаликларни ташкил этиш бўйича ишлаб чиқилган қўшимча чора-тадбирлар Дастурининг 2019 йил якунлари бўйича фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари туман кенгаши раиси Каримхон Мамадалиев сўзга чиқди.
Сессиялар оралиғида қабул қилинган туман ҳокимининг айрим қарорларини тасдиқлаш депутатлар томонидан тасдиқланди.
Сессияда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлари қабул қилинди.

Биз Twitterда