Касаба уюшмалари Ўзбекистон бош прокуроридан ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб этгани учун Самарқанд шаҳар ҳокимини жавобгарликка тортишни сўради

 
Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси кенгаши Фарғона ва Самарқанд вилоятларида ўқитувчилар мажбурий меҳнатга жалб этилаётгани ҳақидаги хабарлардан кейин ўз муносабатини билдирди деб ёзади Kun.uz
Федерация раиси ўринбосари Бахтиёр Махмадалиев «Кун.uz» сўровига қайтарган жавоб хатида бу борада тегишли ишлар олиб борилгани, хусусан, мақолаларда келтирилган ҳолатлар юзасидан текшириш ўтказиш, айбдорларга чоралар кўришни сўраб, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори номига мурожаат йўллангани ҳақида маълум қилган.
 
Жавоб хати:
«Ўзбекистон Республикаси томонидан Халқаро Меҳнат ташкилотининг Зўрлаб ишлатиш ёки мажбурий меҳнат тўғрисидаги 29-Конвенцияси ҳамда Мажбурий меҳнатни тугатиш тўғрисидаги 105-Конвенциясини ратификация қилган.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодекси ва Халқаро Меҳнат Ташкилотининг юқорида қайд этилган Конвенциялари талабларига кўра, Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнат тақиқланади. Қонунда назарда тутилган ҳолларни истисно этганда, меҳнатга бирон бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлов маъмурий жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.
Мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва бошқа ижтимоий шериклар билан Халқаро Меҳнат Ташкилоти ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилган. 2013 йилдан буён пахтачиликда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат устидан халқаро ва миллий мониторинг олиб борилмоқда. Ўзбекистон ҳукумати томонидан кўрилаётган изчил чоралар натижасида юртимизда болалар меҳнати тўла бартараф этилгани, мажбурий меҳнат хавфи йилдан-йилга камайиб бораётгани бугун халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмоқда.
Жорий йилнинг 21 июль куни Sof.uz сайтида нашр этилган «Далага югур, пул йиғ, картошка эк». Ўқитувчи?!» номли ва Kun.uz сайтида нашр қилинган 26 июль кунги «Ўқитувчилар мажбурий меҳнатга жалб этилиши факт. Барча сукут сақламоқда» ва «Гап бошқа, иш бошқа: Ўқитувчи ва шифокорлар мажбурий меҳнатга жалб қилинмоқда!» мақолалар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси эътиборидан четда қолмади.
Мақолаларда келтирилган ҳолатлар юзасидан текшириш ўтказиш, айбдор шахсларга нисбатан тегишли прокурор таъсир чораларини кўриш, шунингдек, жойлардаги барча даражадаги прокурорларга келгусида фуқароларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш каби салбий ҳолатларга йўл қўймаслик юзасидан назоратни янада кучайтириш бўйича тегишли кўрсатмалар беришни сўраб Ўзбекистон Республикаси бош прокурори номига мурожаат йўлланди.
Шу билан бирга, фуқароларнинг меҳнат соҳасига оид ҳуқуқлари бузилган бўлса, ҳеч иккиланмай касаба уюшмалари Федерациясига иловада келтирилган воситалар орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини маълум қиламиз.
Раис ўринбосари: Б.Махмадалиев
Меҳнатга оид ҳуқуқларингиз бузилса, мажбурий ёки бола меҳнати қўлланаётганига оид ҳолатларни сезсангиз, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига қуйидаги воситалар орқали мурожаат қилинг:
«Call center» ишонч телефонлари:
1092, (0-371) 200-10-92
Жисмоний шахслар ва юридик шахслар вакилларининг қабули:
Манзил: Тошкент шаҳар, Бухоро кўчаси, 24-уй.
Ёзма мурожаат йўллаш:
Почта манзили: 100165, Тошкент шаҳар, Бухоро кўчаси, 24-уй.
Электрон мурожаат йўллаш:
Федерация раисининг виртуал қабулхонаси:
https://kasaba.uz/virtualqabulxona/
Электрон почта манзили:
info@sfp.uz
Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат йўллаш:
www.my.gov.uz

Биз Twitterда