Йўллар, диллар ва халқларни боғлаган дўстлик!

1998 йилда Тошкентда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома, 2013 йилда пойтахтимизда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома асосида мамлакатларимиз ҳамкорлиги жадал тараққий этмоқда. 

Ўзбекистон ва Қозоғистон сиёсий масалаларда бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Икки томонлама асосда ҳамда БМТ, ШҲТ, МДҲ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси каби халқаро тузилмалар доирасида самарали ҳамкорлик қилмоқда. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар бўйича томонларнинг қараш ва ёндашувлари ўхшаш ёки яқиндир. 
Қозоғистон мамлакатимизнинг муҳим савдо-иқтисодий шерикларидан биридир. Ўзбекистон Қозоғистонга табиий газ, автомобиллар, транспорт воситалари, минерал ўғитлар, тўқимачилик, электротехника ва қурилиш материаллари, мева-сабзавот ва бошқа кўплаб товарлар, турли хизматлар экспорт қилади. Қозоғистондан юртимизга нефть, металл, ун, ёғ-мой маҳсулотлари келтирилади. 
Мамлакатимизда Қозоғистон капитали иштирокида тузилган қарийб 230, Қозоғистонда Ўзбекистон ишбилармонлари билан ҳамкорликда ташкил этилган 130 дан зиёд корхона фаолият юритмоқда. 
2016 йилда мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2 миллиард АҚШ долларини ташкил қилди. Бу икки томоннинг салоҳиятига мос эмаслиги, савдо айланмасини камида икки баробар ошириш имконияти мавжудлиги алоҳида таъкидланди. Мамлакатларимиз иқтисодиёти рақобатчи эмас, аксинча, бир-бирини тўлдиради. Бунинг учун ҳукуматлараро комиссия ва қўшма савдо уйлари фаолиятини кенгайтириш, янги таъминот бозорлари ташкил этиш зарурлиги қайд этилди. 
Транспорт коммуникациялари соҳаси ўзаро ҳамкорликнинг яна бир устувор йўналиши ҳисобланади. Мамлакатларимизнинг автомобиль ва темир йўллари ўзаро интеграциялашган. Бу муҳим коммуникация тармоғи учинчи давлатлар учун ҳам транзит вазифасини ўтамоқда. 
Қозоғистоннинг Мақтаарал тумани ҳудудидан ўтган, Тошкент ва Самарқандни боғловчи автомобиль йўлининг очилиши, Тошкент – Олмаота тезюрар поезди ва икки мамлакат шаҳарлари ўртасида автобус қатновлари йўлга қўйилгани транспорт коммуникациялари тармоғини янада кенгайтиради. Ҳудудлараро алоқалар савдо ва туризм ривожига хизмат қилади. 

Биз Twitterда