Истеъмолчилар ҳуқуклари таъминлангандагина хизмат ва маҳсулот сифати ортади

Наманганда вилоятдаги истеъмолчиларга уй-жой ва коммунал хизматлар кўрсатувчи ташкилотлар билан тадбиркорлик ва истеъмолчилик маданиятини такомиллаштириш, аҳолининг истеъмолчилик билими ва саводхонлигини ошириш бўйича семинар ўтказилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
 
 
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган семинарда Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси, “Ўзстандарт” агентлиги, “Ўздавнефтгазинспекция” вилоят ҳудудий бўлими, “Ҳудуд газ Наманган” МЧЖ, Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси, вилоят “Сувоқава” ДУК, вилоят “Иссиқлик манбаи” ИЧБ, вилоят Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси раҳбарлари ҳамда мутасаддилари, ОАВ вакиллари иштирок этдилар.
 
 
Монополияга қарши курашиш қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Акмалжон Абдуллаев ўз сўзида истеъмолчиларнинг ҳуқуқи бузилишини олдини олиш ва келгусида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни бартараф этиш йиғилган ташкилотларнинг ўзаро муштарак мақсади бўлиши кераклигини қайд этиб, “Жамиятда истеъмолчилар ўз ҳуқуқларини билишса ва бу ҳуқуқлар бузилмаса, ишонаманки, ишлаб чиқарувчи ва хизмат кўрсатувчи соҳа вакиллари ҳам бунга монанд сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ва хизмат кўрсатишга ҳаракат қилишади” деб таъкидлади.
 
 
Семинарда иштирок этган мутасадди ташкилотлар раҳбарлари истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва институционал тизими, аҳолини табиий ва суюлтирилган газ, электр, ичимлик суви билан таъминлашда, канализация ҳамда маиший чиқинди ташиш хизматларини кўрсатишда мавжуд муаммо ва камчиликлар, истеъмолчиларнинг асосий муаммолари, соҳани тартибга солувчи қоидалар талаблари, шунингдек, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларини бошқаришда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан сўз олдилар.
Тадбирда иштирок этган журналистлар соҳалар вакилларига ўзларини қизиқтирган саволлари билан мурожаат қилишди ва батафсил жавоб олишди.

Биз Twitterда