Ишсизлар сони пандемия даврида 2 миллионга яқинлашди

Ўзбекистонда пандемиядан олдин ишсизлар сони ўртача 1,35 миллионга яқин эди. Пандемия даврида ишсизлар сони қарийб 2 миллионга яқинлашди. Бундан ташқари, Ўзбекистонда 550 мингга яқин меҳнат мигрантлари бошқа давлатларга ишлаш учун чиқиб кета олмаган. Бу ҳақда бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов Халқаро пресс-клубнинг Фарғона вилоятига бағишланган сонида маълум қилди.
 

“Барча давлатларга пандемия ўзининг салбий таъсирини кўрсатди. Ўзбекистонда ҳам пандемиядан олдин ишсизлар сони ўртача 1 миллион 350 мингга яқин эди, пандемия бошлангач қатор корхоналар фаолияти тўхтатилди ва ишсизлар сони қарийб 2 миллионга яқинлашди”, - деди вазир.
Таъкидланишича, бу рақамлардан ташқари меҳнат мигрантларига оид статистикалар ҳам мавжуд. Ҳозирда Ўзбекистонда 550 мингга яқин фуқаро бошқа давлатларга ишлаш учун чиқиб кета олмаган.
Вазирнинг сўзларига кўра, олдинда турган вазифалардан бири шундай фуқароларнинг бандлигини таъминлашдан иборат.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жорий йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонда ишсизлик даражаси 9,4 фоизни ташкил этганди. Энг юқори ишсизлик даражаси 9,8 фоиз билан Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида қайд этилган.

Биз Twitterда