Ёшларнинг ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш – армиямиз қудрати гарови

12 январрь куни Поп туманидаги “Ғурумсарой” полигонида вилоятнинг барча туманларидан келган ёшлар тўпланишди. Дала-ўқув майдонида ҳарбийлар учун яратилган шароитлар билан батафсил танишиш, ҳарбий хизматчилар билан мулоқот қилиш учун йиғилган минглаб ёшлар қаторида ушбу тадбирда ижтимоий қўмакка муҳтож шахслар ва “Меҳр” операцияси орқали вилоятга олиб келинган оилаларнинг 120 нафар фарзандлари ҳам қатнашдилар. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда. 
 
 
Ёшлар яқин давргача аҳоли учун ёпиқ бўлган ушбу полигон фаолияти билан яқиндан танишдилар, улар учун ўқув-машқ майдонлари, танкодром, автодром, ўқ-отиш майдонлари бўйлаб экскурсия уюштирилди. 
Наманган вилояти ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Хайрулло Бозоров ёшларга қилган мурожаатида ҳозирги ахборот маконидаги қарама-қаршилик, одамлар, айниқса ёш авлоднинг онги ва қалби учун кураш кучайган шароитда ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги тарбиянинг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бораётганини таъкидлади. 
 
 
“Бугун биз сиз азиз ёшлар билан ушбу ҳарбий полигонда учрашиб турганимизнинг ўзига хос рамзий маъноси бор. Аҳолини, аввало, ёшларни шундай Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш тизимини такомиллаштириш, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнига жалб қилиш, сизларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятингизни рўёбга чиқариш жамиятимиз учун долзарб вазифа бўлиб қолмоқда”, деди вилоят ҳокими
Полигонда ёшлар учун Қуролли кучларимиз тасарруфидаги турли русумдаги жанговар қуроллари, зирҳли машиналари, ғир ва енгил артиллерия қурилмалари намойиш этилди. 
 
 
Ушбу тадбир, муҳтарам Президентимиз – Қуроллик Кучлар Олий Бош Қўмондони томонидан ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, халқ ва армия якдиллигини таъминлаш борасида берилган кўрсатмаларнинг амалий ижроси бўлди. 
 
 
Ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари томонидан намойиш этилган кўргазмали ҳарбий чиқишлар ҳам йиғилганларда катта таассурот қолдирди. 
Учрашув, вилоят ҳокими ва ёшларнинг полигонда дарахт экишлари билан якунланди. Тадбир иштирокчилари полигон ҳудудида бугун фойдаланишга топширилган замонавий ошхонада  вилоят ҳокими ва ҳарбий хизматчилар билан биргаликда тушлик қилдилар.
 

Биз Twitterда