Интернетсиз "Рақамли Ўзбекистон"ни барпо этиш мумкинми?

Ўзбекистон симсиз ва кенг тармоқли мобиль алоқа билан қамраб олиш, интернет тезлиги борасида бошқа Марказий Осиё бозорларидан ортда қолмоқда. Шунга қарамай, мамлакатда рақамли хизматларга талаб юқори. Қамраб олиш ва имконият даражаси нуқтаи назаридан универсал бўлган инфратузилмани яратиш рақамли иқтисодиётни қуриш йўлида биринчи қадам бўлиб хизмат қилади.
 
 
Жаҳон банкининг “Ўзбекистонда бозорларни яратиш” гуруҳининг таҳлилларига кўра, 17,2 миллионга яқин киши ˗ Ўзбекистон аҳолисининг тахминан 53 фоизи ˗ мунтазам равишда алоқага уланиш ва фойдаланишда муаммоларга дуч келиб туради. Бу кўрсаткич мобиль ёки қайд этилган алоқа билан қамраб олинмаган ҳудудларда истиқомат қиладиган, шунингдек, шундай алоқа билан қамраб олинган ҳудудда яшаб, унга уланиш имконияти йўқлиги, рақамли кўникмаларга эга бўлмагани ёки муайян рақамли контент йўқлиги боис, интернетдан фойдаланмайдиганларни ҳам ўз ичига олади.
SpeedtestGlobalIndex рейтингида (2019 йил декабр), қайд этилган интернет тезлиги (юклаш) борасида Ўзбекистон 177 та мамлакат орасида 108 ўринни (22,49 Мбит/с) эгаллаб турибди. Бу, албатта, ўтган йилги мазкур кўрсаткич ˗ 131 ўрин(11,31 Мбит/с) дан юқори, бироқ мазкур рўйхатда турган етакчи давлатларга нисбатан анча паст. Масалан, ушбу кўрсаткич бўйича биринчи ўринда турган Сингапурда қайд этилган интернет тезлиги (юклаш) 200,12 Мбит/сни ташкил этади, бу биздаги тезликдан 10 баробар юқори. Россия рўйхатда 46-ўринда (61,71 Мбит/с), Беларусь — 56-ўринда (50,39 Мбит/с), Қозоғистон — 65-ўрин (42,53 Мбит/с), Қирғизистон — 85-ўринда (31,56 Мбит/с) қайд этилган.
Аҳоли сони кўплиги бўйича Ўзбекистон МДҲ да иккинчи, майдони катталиги жиҳатидан эса, тўртинчи ўринни банд этиб турибди. Қайд этилган интернетга уланиш асосан кенг тармоқли бирикмаларнинг учдан бир қисмини ташкил этадиган, оптика толали бирикмалар асосида ишлайдиган ADSL технологиясига асосланган. Ўзбекистонда 24,5 минг километр оптика толали тармоқ ўтказилган. Қиёслаш учун, Ўзбекистонга нисбатан аҳолиси беш баробар кам, майдони икки баробар кичик бўлган Қирғизистонда 17,5 минг километр оптика толали тармоқ мавжуд.
“Ўзбектелеком” АЖ маълумотларига кўра, 2019 йилда 12 минг километрдан ортиқ тармоқ узатилди, бу, ўз навбатида, 500 минг кишини юқори тезликдаги интернет билан таъминлаш имконини берди. Мазкур рақам қамраб олиш ва интернетга уланиш муаммосига эга аҳолининг уч фоизини ташкил этади.
Соҳанинг бундай ривожланиш суръатларини инобатга олсак, яқин икки йилда барча қишлоқ ва маҳаллаларни юқори тезликдаги интернет тизимига улаш қанчалик ҳақиқатга мос?
Ушбу вазифа Президентимиз томонидан 2020 йил 24 январда Олий Мажлисга йўлланган Мурожаатномада белгилаб берилди. Шунингдек, икки ой ичида “Рақамли Ўзбекистон ˗ 2030” дастурини ишлаб чиқиш зарурлиги алоҳида айтиб ўтилди.
Таъкидлаш жоизки, 2018 йил 28 декабрда парламентга Мурожаатида мамлакатимиз раҳбари рақамли технологиялар базасида иқтисодиётнинг барча соҳаларини янгилаш имконини берувчи Рақамли иқтисодиёт миллий концепциясини ишлаб чиқиш зарурати ва у асосда “Рақамли Ўзбекистон ˗ 2030” дастурини ҳаётга татбиқ этиш тўғрисида айтган эди.  
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 январдаги “Иқтисодиётни янада ривожлантириш ва иқтисодий сиёсат самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига биноан, 2019 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида таркибий ислоҳотлар асосий йўналишларининг «Йўл харитаси»ни амалга оширишни таъминлаш бўйича Иқтисодий кенгаш (Бош вазир раҳбарлигида) тузилди. Мазкур кенгашга 2019 йил 1 декабрига қадар Миллий рақамли иқтисодиётни ривожлантириш стратегияси (Рақамли Ўзбекистон ˗ 2030)ни ишлаб чиқиш вазифаси топширилган эди. Муддат ўтди, натижа эса йўқ.
Рақамли иқтисодиётнинг ривожланиши учун инфратузилма билан бир қаторда, маъмурий ислоҳотни амалга ошириш, шу жумладан, маъмурий тартиб˗таомилларни оптималлаштириш, бошқарув жараёнларини автоматлаштириш, юзага келаётган масалалар ва таҳдидларга ўз вақтида ва тўғри жавоб қайтариш учун самарали ахборот алмашинув тизимини шакллантириш ҳам жуда муҳим.
Бу борада амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар сирасига ижро этувчи ҳокимият органлари, парламент фаолиятининг очиқлиги ва самарадорлиги даражасини ошириш (“Электрон ҳукумат”, “Электрон парламент” лойиҳаларини тизимли амалга ошириш), жойлардаги давлат ҳокимияти тизимида ҳокимиятларнинг бўлиниши тамойилининг амалда ишлашини таъминлаш, ижро этувчи ҳокимият органларининг ташкилий˗ҳуқуқий шаклларини ташкил этиш, соддалаштириш, оптимизация қилиш тартиб˗таомиллари ва аниқ мезонларини татбиқ этиш, нормалар қарама˗қаршилигини, турлича талқин, коррупция ҳолатлари ва ҳаддан ортиқ давлат назоратини юзага келтирадиган идоравий норматив˗ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш амалиётига барҳам бериш кабилар киради.
Жаҳон банки мутахассисларининг фикрича, интернетга уланиш халқаро каналига йўл очиб берадиган, халқаро алоқа харажатларини камайтириш имконини тақдим этадиган халқаро шлюзда давлат монополиясини тугатиш бу борада илк жиддий қадам бўлади. “Ўзбектелеком” АЖ мазкур соҳада монопол бўлиб қоляпти, бу, ўз навбатида, интернетга юқори нархларнинг сақланиб қолишига сабаб бўляпти. Мавжуд нормаларни илғор тажрибалар асосида модернизациялаш, операторлар томонидан уларга доимий амал қилинишини таъминлаш эҳтиёжи бор. Бу динамик, рақобатчилик бозорини вужудга келтиради.
Шунингдек, лицензия олиш тартибини соддалаштириш ва телекоммуникациялар билан боғлиқ бўлмаган идоралар томонидан тасдиқланиши жараёнига барҳам бериш масаласи ҳам долзарблик касб этиб турибди.
Deloitte компанияси хулосаларига кўра, Ўзбекистон каби ривожланаётган давлатлар тараққий этган мамлакатлар сингари интернет билан қамраб олиш даражасига эришса, уларнинг узоқ муддатли ишлаб чиқариш истиқболлари 25 фоизга ўсади. Ўзбекистон эса, динамик рақамли иқтисодиёт афзалликларидан фойдаланиш учун барча имкониятга эга. Бунинг учун давлатимиз раҳбарининг Мурожаатномасида айни йўналишда белгилаб берилган устувор вазифаларни ўз вақтида, сифатда адо этиш муҳим аҳамият касб этади.
Акмал БУРҲОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Биз Twitterда