Ибрат мажмуасидаги Ғойибназар қози мадрасаси Наврўзда қайта очилади

 
Самарқанду Бухорога саёҳатга борганлар бу азим шаҳарлардаги мақбара-ю, масжидлар маҳобатидан завқ олишларини алоҳида таъкидлайдилар. Ҳадемай, Наманган вилояти, Тўрақўрғон шаҳрига ташриф буюрадиганлар ҳам айни кунда таъмирлаш ишлари якунига етай деб қолган Ғойибназар қози мадрасаси гўзаллигидан ҳайратга тушишлари турган гап.
XIX асрнинг охирларида қад ростлаган бу обида Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилаётган Исҳоқхон Ибрат мажмуаси таркибига киради ва ундан музей сифатида фойдаланиш кўзда тутилмоқда.
Дастлаб иморатнинг олд қисми раставрация қилинган бўлса, кейинги босқичда орқа тарафда унга ҳамоҳанг тарзда қўшимча янги иншоот қуриб битказилди. Натижада сервиқор миноралар ва ажиб нақшлардан иборат мадраса янада кўркам тус олди. 
 
 
- Албатта, таъмирлаш ишларини амалга ошириш жараёнида бу тарихий обиданинг аслиятини сақлаб қолишга алоҳида аҳамият қаратилди, - дейди бинонинг қўшимча қисмини қуриш вазифаси топширилган «Турон мегастрой» МЧЖ муҳандиси Ҳабибулла Собиров. - Яъни сувоқдан тортиб, бадиий безакларгача бўлган юмушларнинг барчаси замонавий эмас, балки анъанавий услубларда бажарилди.
 
Маълумот учун: Тўрақўрғонда туғилиб, ижод қилган маърифатпарвар шоир Исҳоқ Ибрат ўз даврининг новатори сифатида Россиядан босмахона ускуналарини олиб келган ва босма нашрлар, хусусан газета чоп этишни вилоятда биринчи бўлиб йўлга қўйган инсон ҳисобланади.
Қатағон қурбони бўлган ҳамюртимиз хотирасини абадийлаштириш мақсадида ташкил этилаётган хиёбон, айвон ва тил ўргатиш мактаби ҳамда босмахонани қуриш ишлари айни кунда якунланиш арафасида. Бу мажмуани Наврўз байрами арафасида фойдаланишга топшириш кўзда тутилган.    

Биз Twitterда