Хоразмнинг Энг яхши веб-сайти ва Энг яхши веб-дизайнери аниқланди

Article

Хоразмда вилоят ҳокимлиги томонидан ташкил этилган "Энг яхши веб-сайт” ва "Энг яхши веб-дизайнер” танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди деб хабар беради Хоразм вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати.

Миллий сегментни Республикамизда ишлаб чиқарилган ахборот ресурслари ва тизимлари билан бойитиш, яратилаётган веб-сайтлар ва дастурий маҳсулотлар сифатини ҳамда улардаги ахборот хавфсизлигини ошириш, келгусида саралаб олинган дастурчиларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг қобилиятларини баҳолаш, замонавий интернет технологияларини жамиятнинг турли соҳаларига – давлат бошқаруви, таълим, маданият ва бизнес соҳаларига тадбиқ этилишини рағбатлантириш танловнинг асосий мақсади бўлди.

Танлов иштирокчиларининг ишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан мазмундорлик ва интерфаоллик, дизайн ва қулайлик, функционаллиги, технологик имкониятлари ва ахборот хавфсизлиги мезонлари бўйича баҳоланди.

Танловда "Энг яхши тадбиркор веб-сайти” номинацияси бўйича ТАТУ УФ "Дастурий инжиниринг” кафедраси ассистенти Бекмурод Хўжамуратов, Хонқа туман ҳокимлиги қошидаги АКТ ва КМда тармоқ администратори Зафарбек Собиров ва Урганч шаҳридаги "Wolfsofts” хусусий корхонаси директори Ҳакимбой Йўлдошовлар, "Таълимга оид энг яхши веб-сайт” номинацияси бўйича Шовот туман 16-мактаб информатика фани ўқитувчиси Қудратбек Палванов, Боғот туманидаги 92-сон Айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ва чет тилларни чуқур ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернати информатика фани ўқитувчиси Диёр Одилбеков ва Ҳазорасп туманидаги 34-сон мактабда бошланғич таълим фани ўқитувчиси Шарофат Қаландаровалар ғолиб деб топилган бўлса, "Ёшларга оид энг яхши веб-сайт” номинацияси бўйича эса, Боғот туманидаги 3-сон айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган мактаб-интернати информатика фани ўқитувчиси Зафарбек Ибадуллаев, Хонқа туманидаги 5-сон умумий ўрта мактаб ўқувчиси Феруза Отабоева ҳамда "Хоразм ҳақиқати” ва "Хорезмская правда” газеталари бирлашган таҳририяти компютер бўлими мудири Соҳиба Ғайипова ғолибликни қўлга киритишди.

Ғолиблар диплом билан тақдирланди.

 

Маъруф Манглиев 

Биз Twitterда