Гиннес, саҳифангни тайёрла: Намангандаги туризм ва миллий қадриятлар фестивалида 5 тонна сумалак тайёрланади!

Фото: Ҳотам Мамадалиев
 
Наманган шаҳрида Наврўз байрами тантаналари доирасида 2018 йил 20-21 март кунлари биринчи бор ташкил этиладиган “Сумалак сайли” туризм ва миллий қадриятлар фестивали давомида 5 тонналик қозонда баҳорий неъмат – сумалак тайёрланади. Бу ҳақда Vodiymedia.uz’га Наманган шаҳар Кенгаши депутати Маъруф Муминов хабар берди.
Бунча миқдордаги сумалакни тайёрлаш учун кетадиган 2 тонна буғдой увитилади. Буғдойдан ташқари, сумалакни тайёрлаш учун 2 тонна ун, 1 тонна ёғ, 450 кг зоғора уни, 50 кг новвот ишлатилади. Сумалакни тайёрлаш 25 нафар моҳир сумалак устаси онахонлар жалб этилади. Дунё дунё бўлиб 5 тонна сумалакни бир қозонда пишганини кўрмаган! Гиннеснинг рекордлар китобидан яна бир ўзбек маданияти воқеълиги жой оладиган бўлди.
Тошкентда ўтказилган Ўзбегим миллий қадриятлар  фестивали доирасида, миллий таомларимизнинг дунёга машҳур устаси Баҳриддин Чустий бош-қошлигида Ўзбек паловини Гиннесснинг рекордлар китобига киритилишида қўлланилган мега дошқозон сумалак тайёрлаш учун Наманганга олиб келинмоқда.
Тайёрланган сумалакни барча ташриф буюрган меҳмонларга тортиқ қилиш билан бирга, қариялар ва меҳрибонлик уйларига, маҳаллалардаги кам таъминланган оилаларга тарқатилади.
Анъанага айланиши режаланган ҳолда Наманган шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғида ўтказилаётган бу биринчи “Сумалак сайли” туризм ва миллий қадриятлар фестивали Наманган шаҳар ҳокимлиги томонидан ташкил этилмоқда.
Фестивал моҳиятига кўра ўзида баҳорий янгиланишга хос байрам шукуҳи, ўзбек халқининг миллий қадриятлари эъзози, хайрияпарварлик, барчага шодлик улашиш каби хусусиятларни қамраб олган оммавий сайл сифатида намоён бўлади. “Сумалак сайли” туризм ва миллий қадриятлар фестивали давомида шаҳардаги кам таъминланган оилаларнинг фарзандларининг никоҳ ҳамда хатна тўйлари ўтказилади.
Фестиваль давомида турли концерт дастурлари, миллий халқ ўйинлари бўлиб ўтади, иштирокчилар баҳорий миллий таомлардан баҳраманд бўлишади.
Барча ватандошларимизни ҳамда юртимизга ташриф буюрган хорижлик меҳмонларни Намангандаги туризм ва миллий қадриятлар фестивалига таклиф қилиб қоламиз.
See you in 1st Namangan Festival of Tourism and National Values!
Дилмурод Жумабоев

Биз Twitterда