Генерал Турсунхон Худайбергенов янгича амалиётга мувофиқ тақдимот ўтказди

2020 йил 5 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида қарор топган янгича амалиётга мувофиқ, “Ўзбекистон Республикасида “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” Давлат дастурларининг бажарилиши, ҳудудлардаги долзарб муаммоларнинг ечими ҳамда ёшлар сиёсатини амалга ошириш тўғрисида” тақдимот ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Турсунхон Худайбергенов иштирок этиб, депутатларга ушбу дастурларнинг амалиётга татбиқ этилиши хусусида атрофлича маълумот берди.
 
 
Таъкидланганидек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ижтимоий соҳани ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, унда арзон уй-жойлар барпо этиш бўйича мақсадли дастурларни амалга ошириш, аҳолининг ҳаёт шароити яхшиланишини таъминловчи йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳамда модернизациялаш борасида мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилди.
Давлатимиз раҳбарининг ғояси ва ташаббуси билан мамлакатимизда ҳаётнинг барча жабҳаларида улкан бунёдкорлик ишлари, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда йирик лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бу жараёнда халқ билан доимий мулоқот олиб бориш, уйма-уй, маҳаллама-маҳалла юриш орқали ҳар бир хонадонга кириб бориш, одамларни қийнаб келаётган муаммоларни чуқур ўрганиш ва ҳал этишга устувор аҳамият қаратилмоқда. Бундай эзгу ишларнинг туб замирида, авваламбор, халқимизни ҳаётдан рози қилишдек улуғ мақсад мужассам.
Юртимизда халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг орзу-истаклари, интилишлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини самарали ҳал этиш билан бирга, аҳолининг давлат органларига ишончини мустаҳкамлаш бўйича амалий саъй-ҳаракатлар олиб бориляпти. Эътиборлиси, мазкур жараёнда барча даражадаги раҳбарларнинг фаолиятида туб ўзгаришлар юз бериб, очиқлик, шаффофлик кўзга ташлана бошлади.
 
 
Жойларда тегишли мутасадди давлат ва хўжалик бошқаруви органлари вакиллари иштирокида муаммолар ўрганилиб, уларга ечим топиш чоралари кўрилмокда. Ушбу ташаббус бутун республика бўйича ёйилди.
Тақдимотда келтириб ўтилганидек, ўтган вақт мобайнида Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига 3,5 миллиондан зиёд мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг 60 фоиздан зиёди қаноатлантирилган. 2019 йилда келиб тушган 1 млн. 72 мингдан зиёд мурожаатдан 625 мингдан ортиғи амалда ҳал қилинган.
2019 йилнинг ўзида Халқ қабулхоналари, секторлар, давлат идоралари ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида уйма-уй юрилиб, 6 миллион 100 мингдан ортиқ хонадонда яшовчи аҳоли билан юзма-юз суҳбатлар ўтказилди. Уларнинг муаммоларига ечим топиш борасидаги ишлар натижасида турли йўналишларга доир 984 мингдан зиёд масала жойида ҳал этилди.
2019 йилда Президент Администрацияси масъул ходимлари, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси каби йигирмага яқин вазирлик, қўмита, республика ташкилотлари, вилоятлар, туман ва шаҳарлар секторлари раҳбарларининг 55 мингдан зиёд оммавий қабуллари ташкил қилинди. Уларда 453 минг 100 дан зиёд мурожаатчи турли соҳага оид 466 мингдан ортиқ масалани кўтарди. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида жами мурожаатнинг 189 минг 530 дан зиёди жойида ҳал этилди. 184 минг 755 дан ортиқ мурожаат эгасига ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳат берилган бўлса, 91 минг 710 дан кўпроқ мурожаат назоратга олинди.
2018 йилда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига асос солинди. Халқимиз мазкур дастурларни катта мамнуният билан кутиб олди. 2018 йилда бу борадаги қурилиш ва ободонлаштириш ишларига 3 триллион сўм маблағ йўналтирилди. Натижада 416 та қишлоқ янгича қиёфага эга бўлди.
2019 йилда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 479 та қишлоқ ва овулда, шаҳарлардаги 116 та маҳаллада кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бажарилди. Бунга 6,1 триллион сўм ёки 2018 йилга нисбатан 1,5 триллион сўм кўп маблағ сарфланди.
2018 йилда Жиззах вилояти Дўстлик туманининг Манас қишлоғи, Мирзачўл тумани маркази, Қўнғирот туманининг Қорақалпоғистон овули, Навоий шаҳридан 110 километр, Нурота тумани марказидан 38 километр масофада жойлашган Чуя қишлоғи, Навоий шаҳридан қарийб 400 километр, Томди тумани марказидан 140 километр масофада жойлашган “Ўтемурат” қишлоғи, Навоий вилояти марказидан 355 километр нарида жойлашган Учқудуқ туманининг Қулқудуқ овули, Самарқанд вилояти Нуробод туманининг Жом қишлоғи, Андижон шаҳрининг Мустақиллик, Урганч шаҳрининг Ашхобод, Когон шаҳрининг Бунёдкор маҳаллалари қиёфаси тубдан ўзгарди.
2019 йилда эса, Жиззах, Наманган, Тошкент вилоятларининг барча туман марказлари, Сурхондарёнинг Шарғун шаҳарчаси, Бухоронинг Қоракўл тумани маркази, Фарғонанинг анклав ҳудуддаги Сўх тумани маркази, Қашқадарёнинг Толлимаржон шаҳарчаси, Андижоннинг Боғишамол даҳаси ҳам худди шундай ободликка юз тутди.
Аҳоли мурожаатлари асосида йўлга қўйилган яна бир механизм туфайли шу пайтгача 8 минг 840 нафардан зиёд уй-жойсиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, ногиронлиги бор шахслар, Меҳрибонлик уйлари битирувчилари, оғир аҳволдаги хотин-қизлар имтиёзли кредит ёки доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида уй-жой, доимий иш ўрни билан таъминланди. Мана шундай амалий саъй-ҳаракатлар туфайли Президент виртуал қабулхонасига уй-жой билан таъминлаш масаласидаги мурожаатлар 1,7 бараварга камайган.
 
 
Халқ билан мулоқотнинг айнан мазкур самарали тизими бугун халқаро ҳамжамиятнинг ҳам эътирофига сабаб бўлиб, бу ишларга юқори баҳо бериляпти.
Тақдимотда бу борадаги қилинаётган кенг кўламли ишлар, улар бераётган самара, келгусидаги режалар ҳақида парламент аъзоларига кўргазмали воситалар орқали батафсил маълумотлар берилди.
Тадбир якунида депутатлар томонидан таъкидланганидек, ушбу мазкур тақдимот парламент аъзоларининг келажакдаги ишларига катта ёрдам бўлиб, қонун ижодкорлиги, парламент назорати институтларидан самарали фойдаланилишида муҳим амалий аҳамият касб этади.

Биз Twitterда